БМТ махсус вакили Гаага трибуналини “Толибон”нинг жиноятларини текширишга чақирди
World
−
12 August 2023 3946 2 minutes
Буюк Британия собиқ бош вазири ва БМТнинг таълим бўйича амалдаги махсус вакили Гордон Браун Гаагадаги Халқаро жиноий судни “Толибон”нинг инсониятга қарши жиноятларини текширишга чақирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
“Толибон” аёллар ва қизларга нисбатан кенг кўламли дискриминацияни амалга ошириб, уларга университетлар, мактаблар, жамоат жойларига боришни ва ҳатто ҳамроҳсиз шунчаки кўчада юришни тақиқлайди”, дейди БМТ махсус вакили.
Гордон Браун Британия ҳукумати ва иттифоқчиларини аёлларга нисбатан тизимли дискриминация ва репрессиялар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни таъқиб қилгани учун “Толибон” режимига қарши санкциялар жорий этиш орқали чора кўришга чақирган.
"Бу инсониятга қарши ҳақиқий жиноят ва бу жиноятларга алоқадор шахсларга қарши тергов ва чора кўришни талаб қилади", деган Браун.
Қайд этиш жоизки, 2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келганидан бери “Толибон” қизлар учун ўрта мактабларда ва университетларда дарсларни тўхтатган, университетларда аёлларнинг, шу жумладан профессор-ўқитувчиларнинг бўлишини тақиқлаган, барча миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда аёлларни ишдан бўшатишни буюрган. Ушбу қарорлар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқидларга сабаб бўлди.
Маълумот учун, ҳозирда Гаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путин ва бола ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани Украина урушидаги болаларни ноқонуний депортация қилиш айблови бўйича ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Афғонистондаги университет профессорлари, аёл ҳуқуқлари фаоллари ва дин арбоблари мамлакатда қизларнинг мактаб ва университетларда таълим олишини тиклаш учун “Афғон қизлари таълими” кампаниясини бошлаганди. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳомид Карзай эса Европа Иттифоқининг Афғонистондаги вакили билан учрашиб, мамлакатда таълимни ривожлантиришни илтимос қилганди. Ўтган ойда эса “Толибон” Қобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида гўзаллик салонларининг фаолиятини тақиқлаган.
Live
AllPutin To'qaev bilan ham telefonlashdi
21 September
Qashqadaryoda 2300 yillik ossuariy topildi
21 September
Szinpin 10 yil deganda birinchi marta AQShga boradi
21 September
Shavkat Mirziyoev Vladimir Putinga maktub yo'lladi
21 September