Асад давридаги Сурия бош муфтийси умрбод қамалди
World
−
10:02 1843 2 minutes
Сурияда собиқ президент Башар Асад даврида мамлакат бош муфтийси бўлган Аҳмад Ҳассун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У мазҳаблараро адоват ва зўравонликни қўзғатиш, қотилликни оқлаш ҳамда лавозимини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, Дамашқдаги Жиноят ишлари бўйича тўртинчи суд кеча, 24 август куни Аҳмад Ҳассунга нисбатан ҳукм чиқарган. Суд унинг инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларга алоқадорлиги ҳам аниқланганини билдирган. Шунингдек, суд маҳкумнинг кўчар ва кўчмас мол-мулкини давлат хазинаси фойдасига мусодара қилиш ҳақида қарор қабул қилган.
Ҳассун 2005–2021 йилларда Суриянинг энг юқори диний лавозими бўлган бош муфтий вазифасини эгаллаган. У Башар Асад режимига яқинлиги ва собиқ президент билан диний тадбирларда тез-тез бирга кўриниши билан танилган.
Судья Фахриддин ал-Ариён Асад давридаги расмий диний муассасалар тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга қарши қўлланилган бочкали бомбалардан фойдаланишни оқлаганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Ҳассун Асад ҳукумати ағдарилганидан сўнг Сурияни тарк этишга уринган вақтида, 2025 йил март ойида Дамашқ аэропортида қўлга олинган. У янги ҳукумат даврида судланган Асад режимига алоқадор ўнинчи расмий бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Сурия суди республикaнинг собиқ президенти Башар Асадни ўлим жазосига ҳукм қилган эди. Шунингдек, 18 август куни Дамашқ суди Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг амакиваччаси Восим Асадга нисбатан ҳам ўлим жазоси ҳукмини чиқарган эди.
Live
All