“Ахлоқий қўрқоқлар!” Нетаньяху БМТдаги нутқида мусулмон мэрни танқид қилди

World

−

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқида Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамданини танқид қилиб, Ғазодаги ҳарбий амалиётлар юзасидан Исроилга билдирилаётган танқидларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Нетаньяху нутқ сўзлаётган пайтда ўнлаб делегатлар норозилик сифатида зални тарк этган. Исроил Бош вазири уларни “ахлоқий қўрқоқлар” деб атаган, залдаги уни қўллаб-қувватловчилар эса иброний тилида “Исроил халқи яшайди” дея ҳайқирган.

“Агар иштирокчилар орасида бошқа ахлоқий қўрқоқлар бўлса, уларни зални тарк этишга чақираман”, деган Нетаньяху тайёрлаб қўйилган нутқини бошлашдан олдин.

Нетаньяху нутқида Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамданини ўзига “уруш жиноятчиси” деб атагани учун танқид қилган. Мамдани бу ҳафта Нетаньяхуну “уруш жиноятчиси ва Фаластин халқига қарши даҳшатли геноцид меъмори” деб атаган эди.

“Сиз мени бу ерга келишимга тўсқинлик қилишга уриндингиз. Урдингиз. Мени сукут сақлашга мажбурламоқчи бўлдингиз. Аммо мени ҳам, ҳақиқатни ҳам сукут сақлашга мажбурлай олмайсиз”, деган Нетаньяху Мамданига мурожаат қилиб.

Маълумот учун, Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамдани сайлов кампанияси даврида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Нью-Йоркка келган тақдирда уни уруш жиноятлари бўйича ҳибсга олишга ваъда берганди, бироқ кейинчалик бундай ваколатга эга эмаслигини тан олганди. Нетаньяху эса Мамданини ҲАМАСни қўллаб-қувватлашда айблаган. Мамдани бу айбловни рад этиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилиш антисемитизм билан нотўғри боғланаётганини айтган.

“Оддий ҳақиқат шу: Исроил геноцид содир этмади. Исроил геноциднинг олдини олди”, деган Исроил Бош вазири.

“Мамлакатим ва жасур аскарларимиз ҳақида бу ёлғонларни тарқатаётганларнинг барчасига, улар шу залда ўтирган бўладими ёки Нью-Йоркнинг антисемит мэри кабинетидами, айтаман: сиздан уялиш керак!”, деган Нетаньяху Мамданини яна танқид қилиб.

Мамдани Нетаньяху нутқига жавобан баёнот берган. Унда Нью-Йорк мэри Исроил Бош вазири фаластинликларга қарши геноцидни оқлашга қаратилган асоссиз ёлғонларни такрорлаганини айтган. Мамдани, шунингдек, Нетаньяху Халқаро жиноий суднинг уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича ҳибсга олиш ордери объекти бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

Нетаньяху сайловлар олдидан нутқ қилди

Исроилдаги умумий сайловларга беш ҳафтадан кам вақт қолган бир пайтда Нетаньяху БМТда қарийб 40 дақиқа нутқ сўзлади. “Reuters” унинг чиқишини сайлов кампаниясига ўхшаш нутқ сифатида баҳолаган.

Нетаньяхунинг чиқиши Исроилдаги асосий тўрт телеканалнинг барчасида прайм-таймда жонли эфирга узатилган. У нутқида Исроилнинг Эрон билан урушни ҳам ўз ичига олган етти фронтдаги ҳаракатларини намойиш қилган. Исроил Бош вазири, шунингдек, Ню-Йоркда Исроилни қўллаб-қувватловчи ва Эронга қарши 500 та баннер ҳамда ўнлаб юк машиналарига шиорлар жойлаштирилганини маълум қилган.

Нетаньяху БМТдаги чиқишида Эронга қарши позициясини ҳам кучайтирган. У Ливанда Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ҳизбуллоҳ аъзоларига қарши ҳужум билан боғлиқ пейжерни кўрсатган ва Эрон делегациясига қолдиришини айтган Starlink сунъий йўлдош интернет қурилмасини ҳам намойиш қилган.

“Шунда улар ҳам, муқаррар равишда, томонларини ўзгартирганларида, ижтимоий тармоқларда ўз ҳикояларини эркин айта оладилар”, деган у. 

Нетаньяху Эрон ҳукумати халқ томонидан ағдарилиши вақт масаласи эканини ҳам айтиб ўтган.

“Яшасин Ғазо!”

Маълум қилинишича, БМТ қароргоҳи яқинида бир неча юз нафар намойишчи йиғилган. Ўнлаб одамлар йўл ҳаракатини тўсиб, “Исроилни қуроллантиришни тўхтатинг, яшасин Ғазо!” ва “Исроилни қуроллантиришни тўхтатинг, яшасин Эрон” деган шиорларни айтган. Полиция айрим намойишчиларни ушлаб, олиб кетган.

Маълумотларга қараганда Нетаньяху АҚШга БМТда нутқ сўзлаш учун қисқа муддатга борди ва АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув режалаштирилмаган. Шунга қарамай, Исроил Бош вазири нутқида Трампни мақтаб, унинг Исроил учун энг муҳим ҳамкор эканини айтган.

“Биз давлатимизни ҳимоя қилишда давом этамиз. Биз ғалаба қозонишда давом этамиз, чунки бошқа танловимиз йўқ. Варварларга қарши бу жангда бизда Президент Трампдан яхшироқ ҳамкор бўлмаган. Унинг жасур раҳбарлиги учун унга миннатдорчилик билдираман”, деган Нетаньяху.

Исроил Ғазодаги уруш бошланганидан буён халқаро майдонда тобора кўпроқ танқидга дуч келмоқда. Буюк Британия, Франция ва Канада шу ой бошида босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларига қарши санкциялар эълон қилган эди. Нетаньяху ушбу давлатлар раҳбарларини “антисемитик тўдаларга эргашишда”, заифлик ва муросага мойилликда айблаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends