Мамдани нима учун Нетаньяхуни ҳибсга олдира олмаслигини тушунтирди (видео)
World
−
23 July 9838 3 minutes
Нью-Йорк шаҳри мэри Зоҳрон Мамдани Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни шаҳарга ташриф буюрган тақдирда ҳибсга олдириш бўйича мустақил ҳуқуқий ваколатга эга эмаслиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 22 июль куни X ижтимоий тармоғидаги видео баёнотида сўз очди.
Мамдани, аввалроқ Нетаньяхуни ҳибсга олиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган эди. Бироқ кейинчалик у бундай ваколатга эга эмаслиги ҳақида хулосага келганини билдирди.
Мустақил ҳуқуқшуносларнинг айтишича, Мамдани бундай қарор қабул қила олмайди. Чунки АҚШ амалдаги давлат раҳбарлари ва БМТга аъзо давлатлар вакилларининг иммунитетини тан олади. Шунингдек, АҚШ Халқаро жиноят суди (ХЖС) аъзоси эмас.
Нима учун Мамдани Нетаньяхуни ҳибсга олмоқчи эди?
Гаагада жойлашган Халқаро жиноят суди 2024 йилда Ғазо уруши вақтида содир этилган деб баҳоланган ҳарбий жиноятлар бўйича Биньямин Нетаньяхуга нисбатан ҳибсга олиш ордерини чиқарган. Исроил суд юрисдикциясини тан олмайди ва ҳарбий жиноятлар содир этганини рад этади.
“The New York Times” нашрига 18 июль куни берилган интервьюда Мамдани Нетаньяхуни “ҳарбий жиноятчи” деб атаган ва агар у сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келса, шаҳарнинг ҳуқуқий бошқармаси уни ҳибсга олиш мумкин ёки мумкин эмаслигини ўрганаётганини айтган эди.
4 ноябрь куни бўлиб ўтадиган шаҳар мэрлиги сайловлари олдидан олиб борилган сайловолди кампанияси давомида ҳам Мамдани шунга ўхшаш баёнотлар билан чиққан.
Кейинчалик, 22 июль куни кечқурун ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода у бундай ваколат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилганини маълум қилди.
“Бу ордерни ижро этиш бўйича мустақил ҳуқуқий ваколатимиз йўқлиги аниқ”, деган Мамдани.
Қонун бу ҳақда нима дейди?
Халқаро ҳуқуқ бўйича экспертлар Мамдани Нетаньяхуни ҳибсга олишни буюра олмаслигининг бир нечта ҳуқуқий асослари борлигини айтди.
Ҳарвард ҳуқуқ мактаби профессори, ХЖСнинг собиқ прокурори ва АҚШ Адлия вазирлигининг собиқ амалдори Алекс Уайтингнинг таъкидлашича, АҚШ ХЖС аъзоси бўлмагани учун мамлакат қонунчилигида суднинг ҳибсга олиш ордерларини ижро этиш механизми мавжуд эмас.
Бундан ташқари, 2002 йилда қабул қилинган “Америка ҳарбий хизматчилари ҳимояси тўғрисидаги қонун”и (“American Service-Members Protection Act”) АҚШга ҳар қандай шахсни, унинг фуқаролигидан қатъи назар, Халқаро жиноят судига топширишни тақиқлайди.
Шунингдек, Кардозо ҳуқуқ мактаби профессори ва АҚШ Давлат департаментининг собиқ ҳуқуқшуноси Ребекка Ингбернинг айтишича, амалдаги ҳукумат раҳбарлари АҚШ судларида ҳибсга олиниш ва жиноий жавобгарликка тортилишдан умумий иммунитетга эга. Бундан ташқари, БМТга аъзо давлатлар вакиллари БМТ йиғилишларига келиб-кетиш вақтида ҳам ҳуқуқий иммунитетдан фойдаланади.
Федерал ҳукумат Нетаньяхуни ҳибсга олиши мумкинми?
Мамдани ўз видеомурожаатида федерал ҳукуматни Халқаро жиноят суди ордерини ижро этишга чақирган. Бироқ Алекс Уайтингнинг айтишича, бундай ҳолат юз бериши учун АҚШ аввал Халқаро жиноят судига аъзо бўлиши ва “Америка ҳарбий хизматчилари ҳимояси тўғрисидаги қонун”ни бекор қилиши лозим. Ҳатто шундан кейин ҳам БМТ ва АҚШ ўртасидаги БМТ вакилларига иммунитет берувчи келишув ҳуқуқий тўсиқ бўлиб қолади.
Қолаверса, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам 20 июль куни ижтимоий тармоқдаги баёнотида Нетаньяху АҚШ ҳудудида бўлган вақтида ҳибсга олинмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Истанбулнинг 11-Олий жиноят суди Тель-Авив томонидан Ғазо сектори учун инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган флотилиянинг тўхтатиб қолиниши муносабати билан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер бериш ҳақида қарор чиқарганди.
Live
All