Зироат Мирзиёева Биринчи хонимлар билан бирга Хитой миллий музейига борди

Жамият

image

Бугун, 18 октябрь куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми доирасида саммитга келган делегациялар раҳбарларининг рафиқалари иштирокидаги тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Хитой Халқ Республикаси Раисининг рафиқаси Пэн Лиюань ва бошқа делегациялар раҳбарларининг рафиқалари билан биргаликда Хитой санъат ва ҳунармандчилик миллий музейига борган.

Зироат Мирзиёева Биринчи хонимлар билан бирга музейдаги экспонатларни кўздан кечирган. Уларга Хитой ҳунармандчилиги тарихи, буюмларда ифодаланган нақшлар ва рамзлар ҳақида сўзлаб берилган.

Шундан сўнг хонимлар Хитой халқ операси намуналаридан иборат концерт дастурини томоша қилган. 

“Концертда табиат гўзаллиги, тинчлик ва эзгулик, халқлар ўртасидаги дўстлик туйғулари нафис куй ва рақслар уйғунлигида ифодаланди. Биринчи хонимлар концерт ижрочилари билан бирга суратга тушди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Биринчи хонимлар ташриф буюрган Хитой санъат ва ҳунармандчилик миллий музейига 1990 йилда асос солинган, 2021 йилда унинг учун янги бино барпо этилган. Музей Хитойнинг қадимий ва ҳозирги амалий ҳунармандчилигининг турли йўналишларини ўзида ифода этади. Жумладан, бу ерда бадиий кулолчилик, каштачилик, фил суяги, нефрит, ёғоч ва тош ўймакорлиги, тилла, кумуш ва мисдан ясалган заргарлик буюмлари, расмли вазалар ва халқ буюмларининг бой коллекцияси мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва мамлакат биринчи хоними Пэн Лиюань томонидан тантанали кутиб олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Хитой Зироат Мирзиёева Пэн Лиюань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг