“Зилзиласиз харобага айланган уй”. Қашқадарёдаги янги уй-жойлар қулаш арафасида экани айтилди
Жамият
−
01 Апрель 2023
16870Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Рус қишлоғида қурилиб, аҳолига топширилган намунали уй-жойлар қулаб тушиш арафасида экани айтилаётган видео тарқалди. Маълум қилинишича, ушбу хонадон ипотеки кредити эвазига 20 йил муддатга берилган. Бироқ топширилганига 5 йил бўлиб улгурмай, уй абгор ҳолатга келган.
“Уйнинг фундаменти жойидан силжиб, деворлари ёрилиб кетган. Оқибатда эшик-деразалар ёпилмайдиган бўлиб қолган. Плиталар силжиб, девор ёриғидан бошқа хонани бемалол кўриш мумкин. Электр токи ўтган симлар ҳам девор силжиши туфайли узилиб кетган”, дейди уй эгаси.
Видеода айтилишича, деворлар ҳам ташқи, ҳам ички тарафдан дарз кетган. Оқибатда деворнинг ёриғидан бошқа хонадаги одамни бемалол кўриш мумкин.
“Эрта-индин қулаб тушиш арафасидаги уйда яшаш, ўлимни бўйнига олиб, тақдирга тан бериш билан баравар. Бу ердаги кўпгина уйлар худди шу аҳволда”, дейди видео муаллифи.
Ижтимоий тармоқларда видео кескин муҳокамаларга сабаб бўлди ва бу ҳолатдан ғазабланган фойдаланувчилар ушбу уйни қурганларни қатъий жазога тортиш кераклигини айтиб ўтган.
“Бу уйни қурган қурувчини айнан шу уйга кўчириб, оилавий яшатиш керак. Жони қанчалик ширинлигини англаб етади шунда”, дейди тармоқ фойдаланувчиси.
Шунингдек, улар орасида бу ишга маъсул бўлганларни қамаш керак деганлар ҳам топилди.
“Ишқилиб шу янги қурилган, қурилаётган уйларни охири хайрли бўлсин. Алоҳида эксперт комиссиялари тузилиб, аҳолини мурожаатига асосан охирги 10 йилда қурилган уйларни техник ҳолати ўрганиб чиқилиши ҳамда агар эксперт хулосасига кўра талабга жавоб бермаса, шу уй эгаларига жавобгар қурувчи ташкилотлар томонидан янги уй-жой қуриб бериш мажбуриятини жорий қилиш керак”, дея таклиф берган фойдаланувчилардан бири.
“Намунали уйларнинг аҳволи шундай бўлса, намунасиз хонадонлар қай ҳолатда экан”, “бизнинг уйларга зилзила шарт эмас”, дея киноя қилганлар ҳам топилди.
Видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бўлишига қарамасдан ҳолатга ҳалигача Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлиги расмий муносабат билдирмаган.