Зиданнинг Франция мураббийлигидаги дебюти аншлаг билан ўтади
Спорт
−
14:33 1505 1 дақиқа
Зинедин Зидан Франция терма жамоасининг бош мураббийига айланганидан сўнг, унинг қўл остидаги миллий жамоанинг илк уй учрашуви учун чипталар 24 соатга ҳам етмай тўлиқ сотиб юборилди. Бу ҳақда “L’Équipe” нашри хабар берди.
Манбага кўра, чипталар жорий йилнинг 31 июль куни сотувга чиқарилган бўлиб, орадан бир кун ҳам ўтмай тўлиқ тугаган. Зиданнинг терма жамоа бош мураббийлигидаги расмий дебюти жорий йилнинг 2 октябрь куни UEFA Миллатлар лигаси доирасида бўлиб ўтади. Унда Франция ўз майдонида Италияни қабул қилади.
Учрашув мамлакатнинг бош футбол аренаси ҳисобланган “Стад де Франс” стадионида ўтказилади. Мазкур стадион қарийб 80 минг томошабинни сиғдира олади.
Маълумот учун, Франция футбол федерацияси Зидан билан тўрт йиллик шартнома имзолалди. 53 ёшли мутахассис 2021 йилдан буён бирор жамоада ишламаган эди. Зидан бунга қадар “Реал Мадрид”ни икки марта – 2016-2018 ва 2019-2021 йилларда бошқарган. Унинг қўл остида мадридликлар 11 та совринни қўлга киритган, жумладан, уч марта UEFA Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.
Live
Барчаси