Журналист Бахтиёр Эсонов ҳужумга учраб, дўппосланди
Жамият
−
28 Ноябрь 2020
50407Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги журнали” журнали мухбири Бахтиёр Эсонов номаълум шахслар томонидан калтакланиб, дала четидаги ариққа ташлаб кетилди. QALAMPIR.UZ ижтимоий тармоқда тарқалган ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура билан боғланди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 ноябрь куни фуқаро Ж.К. “Илҳом”исмли шахс билан Зангиота тумани, Тарнов маҳалласида жойлашган кафеда спиртли ичимлик истеъмол қилади. Ж.К. соат 21:00 ларда маст ҳолатда ўзига тегишли бўлган оқ рангли Matiz русумли 10 О 538 ТA давлат белгили автомашинада таниши билан кетаётган вақтда йўлда автомашинани тўхтатиб турган журналист Бахтиёр Эсоновнинг олдига келиб тўхтайди ва манзилига етказиб қўйишни айтиб, Тўқимачи маҳалласига олиб келади.
Шундан сўнг Бахтиёр Эсоновни автомашинадан тушириб, уни дўппослаб, тан жароҳати етказишади. Улар Эсоновнинг ёнида бўлган Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги журналида мухбир лавозимида ишлашини тасдиқловчи хизмат гувоҳномаси, 1млн сўм пули, 100 AҚШ доллари, 1 дона “Aсакабанк”ка тегишли бўлган пластик картаси, бир дона Ўзбекистон миллий кутубхонаси карточкаси ва бир дона (телефон) қувватлагични олиб, ҳодиса жойидан яширинишган.
Журналист Бахтиёр Эсонов олган турли хилдаги тан жароҳатлари билан Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига станционар даволанишга ётқизилган.
Тошкент тиббиёт академиясининг 21 ноябрдаги 9575-сонли тиббий маълумотномасига кўра, Бахтиёр Эсоновнинг танасидаги бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, иккала қош, чап қовоқ, ўнг яноқ ва лаб шиллиқ қавати лат еган яралари, бурун суяги синиши каби жароҳатлари борлиги кўрсатилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида Ж.Кулдасов ушланиб, ундан Бахтиёр Эсоновнинг хизмат гувоҳномаси, 1млн сўм пули, 100 AҚШ доллари, 1дона “Aсакабанк”ка тегишли бўлган пластик карта, бир дона Ўзбекистон миллий кутубхонаси карточкаси ва бир дона (телефон) қувватлагичлар далилий ашё тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 26 ноябрь куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Ж.К. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а”банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда, ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
LiveБарчаси