ЖССТ раҳбари Эфиопиядаги қатлиомда айбланди

Олам

image

Америкалик иқтисодчи Дэвид Стейнман Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус устидан Халқаро жиноий судга шикоят қилди. “The Times” нашрининг ёзишича, Стейнман уни 2013-2016 йилларда Эфиопияда юз берган қатлиомга алоқадорликда айблаяпти.

Тедрос Адҳаном 2017 йилда ЖССТга раҳбар бўлган. 2005–2012 йилларда у Эфиопия Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқарган, 2016 йилда эса Ташқи ишлар вазири бўлган ва мамлакатдаги хавфсизлик кучларини бошқарадиган учта энг обрўли амалдордан бирига айланган.

Дэвид Стейнман АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати кенгашининг маслаҳатчиси ва 27 йил давомида Эфиопия демократик ҳаракатининг катта хорижий маслаҳатчиси бўлган. Унинг сўзларига кўра, Гебрейесус Эфиопияда  ТИВ раҳбари бўлган вақтда хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари учун асосий жавобгарлик унинг зиммасида бўлган ва бу ҳаракатлар қотилликлар, асоссиз ҳибсга олишлар ва эфиопияликларни азоблашни ўз ичига олган.

Даъвогарга кўра, доктор Тедрос мухолифат номзодлари ва тарафдорларини қўрқитишга алоқадор. Бундан ташқари, Стейнманнинг таъкидлашича, ЖССТ раҳбари амхара, консо, оромо ва сомали элатларини тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш мақсадида ушбу элатлар вакилларини ўлдириш, уларга оғир тан жароҳатлари етказишни назорат қилган. Гебрейесус Эфиопия ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган йилларда мамлакатдаги тузум унинг қўл остидагилар томонидан инсонийликка қарши содир этилган кенг кўламли ва тизимли жиноятлар билан характерланган.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Эфиопия армияси штаб бошлиғи генерал Берхану Жула ЖССТ раҳбарини ноябрда қуролли можаро авж олган Тиграй вилоятига қурол етказишга уринишда айблаган ва уни ўз лавозимидан кетишга чақирган. Ўшанда доктор Тедрос барча айбловларни инкор қилиб, у бу можарода ҳеч бир тарафни қўлламаслигини айтган. 

“Бу ёлғон ва шуни айтмоқчиманки, мен тинчлик томонидаман”, деб айтган ЖССТ раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ Тедрос Адҳаном Гебрейесус

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг