ЖССТ маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди
Саломатлик
−
15 Август
18305Африкада тез-тез учрайдиган ва, айниқса, Конго Республикасида ўз таъсирини кучайтирган маймунчечак вируси (М-pox) туфайли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар берди.
Қайд этилишича, ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебреисусга ЖССТ Фавқулодда қўмитаси М-pox вирусига қарши фавқулодда вазиятни ташкил этиши ҳақида маслаҳат хулосасини берган ва у тавсияни зудлик билан қабул қилган.
Директор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ташкил этилган Фавқулодда вазиятлар қўмитаси йиғилишидан сўнг Африка ва бошқа минтақаларда маймун чечагининг янада халқаро тарқалиши потенциалига оид баҳо берди. Унга кўра, Конго Демократик Республикасида 10 йилдан ортиқ вақтдан бери М-pox вируси ҳолатлари қайд этилган ва бу йилдан йилга кучайиб бормоқда.
“Қайд этилган касалликлар сони ўтган йилга қараганда сезиларли даражада ошган. Касалланганлар сони 14 мингдан ортиқ. Касаллик билан боғлиқ 524 ўлим ҳолати аниқланган”, дейилади ЖССТ баёнотида.
Билдирилишича, вирус ҳайвонлар ва ушбу вирус билан касалланган одамлардан юқиши мумкин. Асосан, вирус келтириб чиқарадиган танадаги тошмаларга тегиш, бу тошмалар билан ифлосланган кийим-кечак, чойшаб, сочиқ ва шунга ўхшаш нарсалардан фойдаланиш касалликнинг тарқалишига сабаб бўлади.
Вируснинг биринчи аломатлари 5-21 кун ичида намоён бўлади. Маймунчечак одатда юқори иситма, бош оғриғи, бел ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, чарчоқ, титроқ ва сувчечакка ўхшаш терида тошмаларни келтириб чиқаради. Муайян даволаш усули мавжуд эмас, аммо касаллик антивирал препаратлар билан даволанади. Аксарият ҳолларда касаллик енгил кечиб, беморлар бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади.
Маълумот учун, ЖССТ ирқчилик ва камситиш билан боғлиқ хавотирлар туфайли 2022 йилда маймунчечак номини М-pox’га ўзгартирган.