ЖССТ коронавируснинг энг юқумли турини маълум қилди
Олам
−
26 Июнь 2021
11954Коронавируснинг “дельта” штамми ҳозирда камида 85 мамлакатда мавжуд ва у инфекцияга қарши эмланмаган аҳоли орасида тез тарқалмоқда. Бу ҳақда Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилган.
“Дельта” аниқланган энг юқумли COVID-19 вариантидир. У камида 85 мамлакатда учради ва эмланмаган аҳоли орасида тез тарқалмоқда”, деган ЖССТ раҳбари.
У бир қатор мамлакатларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар юмшатилаётганига ва шу фонда дунёда COVID-19 тарқалиши кучайганига эътибор қаратган. Гебрейесуснинг сўзларига кўра, SARS-CoV-2 нинг янги турлари пайдо бўлиши ҳақидаги хабарларни кутиш керак.
“Юқтириш қанча кўп бўлса, вариантлар ҳам шунча кўп бўлади”, дея таъкидлаган у.
Шу муносабат билан Гебрейесус мамлакатларни “COVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланишга” чақирган. Гебрейесуснинг таъкидлашича, у соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалардаги чоралар, шунингдек, барча тенг равишда эмланишини таъминлашни назарда тутмоқда.
Аввалроқ, ЖССТ коронавируснинг ҳиндча варианти — “дельта” Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланган дастлабки штаммдан икки баравар юқумли эканини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг Ҳиндистонда пайдо бўлган хавфли “ҳиндча” штамми аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси