Жорий ўқув йилида номли давлат стипендияларига махсус тест ўтказилмайди – вазирлик

Жамият

image

2025/2026 ўқув йили учун номли давлат стипендияларига талабгорлар учун махсус тест синовлари ўтказилмайди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 840-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда номли давлат стипендияларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра номли давлат стипендияларга талабгорлар учун ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тиллар бўйича махсус тест синовлари жорий этилгани муносабати билан талабалар томонидан мурожаатлар тушмоқда.

Мазкур қарор билан Президент ва номли давлат стипендияларини тайинлашнинг янги тартиби жорий этилган бўлиб, ушбу тартиб 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб белгиланган талаб ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.

Жорий ўқув йили учун номли давлат стипендиялари танловларининг олий таълим муассасаси босқичидан муваффақиятли ўтиб, ҳужжатлари белгиланган тартибда республика босқичига юборилган талабаларга нисбатан махсус тест синовлари ўтказилмайди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 840-сон қарори билан магистратура мутахассислиги ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилган.

Унга кўра, Президент ва номли давлат стипендияларига талабгорларнинг ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича билим ҳамда кўникмалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида (ҳудудлар бўйича) махсус тест синовларини топширишлари белгиланган.

Бунда:

  • тест синовлари бўйича ўтиш баллининг қуйи чегараси тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ҳисобланади;
  • тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан паст балл тўплаган, шунингдек, тест синовларига қатнашмаган талабгорлар Президент ва номли давлат стипендияларига тавсия этилмайди;
  • баҳолаш натижаларидан норози бўлган талабгорларни шикоятларини кўриб чиқиш бўйича 5 нафардан кам бўлмаган таркибда апелляция комиссияси ташкил этилади;
  • Президент ва номли давлат стипендияларига талабгорларнинг (магистратура мутахассисликлари ва бакалавриат таълим йўналишлари бўйича) ҳужжатлари ва эришган натижалари мазкур қарор билан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади;
  • талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS ахборот тизими орқали шакллантирилади.

Шунингдек, номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабаларга муайян таълим босқичида номли давлат стипендиялари танловларида қайта иштирок этишига рухсат этилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

олий таълим муассасаси давлат стипендиялари махсус тест

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг