Давлат стипендиялари квоталари тасдиқланди
Жамият
−
20 июл 2699 2 дақиқа
2026/2027-ўқув йили учун Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари кесимида давлат стипендиялари квоталари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг жорий йил 15 июлдаги 02/10-5795-сонли хатида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, республика бўйича 335 минг 471 нафар юқори босқич талабалари орасидан 776 нафар талаба давлат стипендияси соҳиби бўлади.
Давлат стипендиялари қуйидагича тақсимланган:
Президент стипендияси – 187 та;
Ислом Каримов стипендияси – 194 та;
Навоий стипендияси – 175 та;
Бобур стипендияси – 51 та;
Имом ал-Бухорий стипендияси – 44 та;
Беруний стипендияси – 38 та;
Ибн Сино стипендияси – 33 та;
Абдулла Авлоний стипендияси – 16 та;
Улуғбек стипендияси – 13 та;
Тўлепберген Қайипбергенов стипендияси – 11 та;
Ибройим Юсупов стипендияси – 11 та;
Паҳлавон Маҳмуд стипендияси – 3 та.
Ажратилган квоталар олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимида тақсимланган. Энг кўп давлат стипендияси Қорақалпоқ давлат университетига – 14 та ажратилган. Шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт университети, Урганч давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетига 11 тадан, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент кимё халқаро университетига 9 тадан стипендия квотаси берилган.
Ҳужжатга кўра, Президент ва Ислом Каримов стипендиялари барча йўналишлар бўйича, Навоий стипендияси гуманитар, Беруний техника, Ибн Сино тиббиёт, Бобур тарих ва география, Абдулла Авлоний педагогика, Улуғбек табиий фанлар, Паҳлавон Маҳмуд жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари талабалари учун ажратилган. Имом ал-Бухорий стипендияси Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларига, Тўлепберген Қайипбергенов ҳамда Ибройим Юсупов стипендиялари эса Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари талабаларига берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027-ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларининг умумий қабул параметрлари тасдиқланган эди.
Live
Барчаси