Жонли эфирда Эрдўғаннинг соғлиғи ёмонлашди (видео)
Олам
−
26 Апрель 2023
39992Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Kanal 7 ва Ulker телеканаллари журналистларининг 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан боғлиқ саволларига жонли эфирда жавоб бераётганида ўзини ёмон ҳис қилди. Эфир бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб, бирдан 20 дақиқага тўхтатилди.
Эрдўғанга савол берган киши бирдан “реклама” деб ўрнидан турмоқчи бўлди. Эфир тўхтатилишидан бир неча сония олдин экранда “вой!” деган овоз акс этди ва камералар Эрдўғанни кўрсатмасдан реклама ролиги эфирга узатилди.
Трансляция қайта тикланганидан кейин Президент журналистларга ошқозони қаттиқ шамоллаганини айтди.
“Кеча ва бугун сайловолди ишлари қизғин кечди. Шундай қилиб, мен ошқозон гриппига дучор бўлдим. Мен ҳатто дастурни бекор қилиш ҳақида ўйладим. Лекин биз ваъда берган эдик ва келдик. Биз ҳам вақти-вақти билан шундай муаммоларга дуч келамиз, сиз ва томошабинларимиздан узр сўрайман”, деган Эрдўған.
Кўрсатув қайта тикланганидан сўнг журналистлар Президентга биттадан савол берди, шундан сўнг эфир тугади. Кейинроқ Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай ўзининг Twitter'даги саҳифасида Эрдўғаннинг соғлиғи жуда яхши эканига ишонтирди.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда президент ва парламент сайловлари ўтказилиши жорий йилнинг 14 май санасига белгиланган. Унда асосий номзод сифатида мамлакатнинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирок этмоқда. Шунингдек, мухолиф партиялар бирлашувидаги “Миллат иттифоқи” коалицияси “Жумҳурият Халқ” партиясидан Камол Қиличдорўғлини номзод қилиб кўрсатган. Бундан ташқари, “Аждодлар” Альянсидан Синан Оған, “Ватан” партиясидан эса Муҳаррам Инже президентликка номзод этиб кўрсатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь