Жо Байден Тайванга яна $1,1 млрдлик қурол сотмоқчи
Олам
−
30 Август 2022
4041Америка Президенти Жо Байден маъмурияти мамлакат Конгрессидан Тайванга 1,1 миллиард долларлик қурол сотишни маъқуллашни сўрашни режалаштирмоқда, унга 60 та кемага қарши ракеталар ва 100 та “ҳаво-ҳаво” типидаги ракеталар киради. Бу ҳақда “Politico” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, қурол пакети ҳали ҳам дастлабки босқичда. У 355 миллион долларлик 60 дона AGM-84L Harpoon Block II ракеталари, 100 дона 85,6 миллион долларлик AIM-9X Block II Sidewinder тактик ҳаво ракеталари ва 655,4 миллион долларлик разведка радарларини ўз ичига олади.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 16 июль куни АҚШ Давлат департаменти Тайванга умумий қиймати 108 миллион долларга ҳарбий техникани таъмирлаш учун асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларни сотишни маъқуллади. Хитой АҚШдан Тайванга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатишни талаб қилди.
Маълумот ўрнида, Хитой Тайвань атрофида давомли равишда ҳарбий машғулот ўтказиб келмоқда.
Хусусан, 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрди, бу эса Пекиннинг кескин муносабатига сабаб бўлди ва бунга жавобан орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.
14-15 август кунлари эса сенатор Эд Марки (Массачусетс штати) бошчилигидаги делегация Тайванга келди. Унинг ортидан ҳам орол атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
Кейинчалик 25 август куни Теннесси штатидан республикачи АҚШ сенатори Марша Блэкберн Тайванга келди. Хитой Блэкберннинг ташрифига муносабат билдириб, АҚШ Тайвань бўғози минтақасида тинчлик бўлишини истамаслигини қайд этди.
Тайвань ва АҚШ муносабатлари
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси