Жиззахдаги АЭС лойиҳасининг қиймати 9,5 млрд доллар экани маълум бўлди
Жамият
−
18:44 792 2 дақиқа
Жиззахдаги атом электр станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, атом энергетикасини ривожлантириш мамлакат энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.
Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтган. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинган. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилган.
Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлат раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлаган.
Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилган.
Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинган. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Президент ушбу таклифни маъқуллаб, саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритишни топширган.
Бунда қурилиш сифати ва хавфсизлиги энг устувор масала бўлиши шартлиги, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ амалга оширилиши таъкидланган.
Live
Барчаси