Жиззахда ваҳшийлик: келиннинг устидан қайноқ сув қуйилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида келин бир неча ой давомида унитаз сувини ичишга, суваракка қарши заҳарни ейишга мажбурлангани ва устидан қайноқ сув қуйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ф.M. иссиқ сув сепилиши оқибатида турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилган.

Тиббий муассаса маълумотномасига кўра, фуқарога танасининг чап қўл елка соҳаси, чап оёқ сон соҳаси, ўнг оёқ тизза бўғими ва қориннинг қовуқ соҳасида 6-8 фоиз миқдоридаги 2-3А даражали куйиш жароҳатлари ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган ҳамда аниқланган ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, жабрланувчи Ф.M.нинг тан жароҳатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. 

Ҳолат юзасидан 8 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни вақтда мазкур жиноят иши ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда акс этган ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганишга қаратилган тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тергов якунига кўра, ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Узун туманида эркак аёли ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиб, уларни 5 ой давомида мажбуран молхонада сақлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг