Жиззахда икки чўпоннинг жанжали қотиллик билан якун топди
3-саҳифа
−
21 Июнь 2022
10833Жорий йилнинг 19 июнь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманида икки нафар чўпон ўзаро жанжаллашиб қолди. Оқибатда улардан бири оғир тан жароҳати олиб, вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Зарбдор тумани Тараққиёт маҳалласида чўпонлик қилувчи 29 ёшли шахс қорамолларини ҳайдаб кетиш учун уларни Бунёдкор кўчасида яшовчи 54 ёшли маҳалладошининг уйи олдига тўплаган.
Бироқ хонадон эгаси унга қорамолларни бу ердан ҳайдаш кераклигини айтган. Натижада ўртада низо келиб чиққан.
Жанжал давомида 29 ёшли чўпон маҳалладошини ерга йиқитиб, юзи ва бош қисмига бир неча марта урган. Шундан сўнг, 54 ёшли маҳалладоши сумкасидан ошхона пичоғини чиқариб, чўпоннинг чап кўкрак қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган чўпон туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Унинг ўлимига кўкрак қафаси чап томони ташқи чизиғи бўйлаб беш ва олтинчи қовурғалари оралиғидаги санчилиб кирган жароҳат, кўкрак қафаси плевра бўшлиғига қон ва қон лахталарининг тўлиши ҳамда ички қон кетиши сабаб бўлган.
Ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь