Жиззахда электр таъминоти бош муҳандиси ва мактаб директори ўринбосари пора олди (видео)
3-саҳифа
−
01 Март 6221 2 дақиқа
Жиззах вилоятида абитуриентларга миллий сертификатнинг тест саволлари ва жавобларини олиб бериш эвазига пул талаб қилган мактаб директорининг ўринбосари ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ муҳандиси шериклари билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Жиззах филиали Шароф Рашидов тумани электр таъминоти бўлими бош муҳандиси мазкур акциядорлик жамиятига қарашли “Энергосавдо” корхонасининг туман бўлими назоратчиси билан ўзаро тил бириктириб, якка тартибдаги тадбиркорнинг М-39 халқаро автомагистрал йўли ёқасида жойлашган ер майдонига электромобилларни қувватлантириш шохобчасини ташкил этиши учун 400 кВтли трансформатор ўрнатиш, тегишли тартибда барча ҳужжатларни тайёрлаш ва тармоққа улаб бериш эвазига 90 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) 3-қисми “в”,“г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах шаҳрида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирининг директор ўринбосари абитуриентларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда йўналиш бўйича кимё ва биология фанларидан имтиёз берувчи миллий сертификат олиш бўйича имтиҳонларнинг тест саволлари ва жавобларини мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 20 минг доллар талаб қилиб, 8 минг доллар ва 156 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),168-моддаси (фирибгарлик)нинг 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида тиббиёт буюмларини ноқонуний сотишга уринган Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими ушланганди.
Live
Барчаси