Жиззахда диний экстремистик оқим таъсирига тушганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
12:06 3760 2 дақиқа
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида диний экстремистик оқимлар ҳамда халқаро террорчилик ташкилотлари тарғиботчиларининг ғоявий таъсирига тушган 18 нафардан иборат гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган Ғаллаорол тумани “Жийдали” маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро, туманнинг “Оқтош” маҳалласида истиқомат қилувчи, 2002 йилда туғилган шахс билан биргаликда Telegram мессенжерида гуруҳ ташкил этгани аниқланган.
Шунингдек, туманнинг “Жийдали”, “Ғўбдин”, “Лалмикор”, “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Хўжа Кабуд” ва “Яшнобод” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 18 нафарга яқин шахс жалб этилган, виртуал жамоат шакллантирилиб, экстремистик ғоялар муҳокама қилинган ҳамда турли контентлар ўзаро алмашилган.
Мазкур гуруҳлар орқали улар диний экстремистик оқимлар ва халқаро террорчилик ташкилотлари ғоявий тарғиботчиларининг қонун билан тақиқланган диний мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатиб келган.
Тезкор тадбир натижасида ушбу икки нафар шахс процессуал тартибда ушланиб, Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми билан жиноият иши қўзғатилган. Шунингдек, 9 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган. 7 нафар фуқаро билан эса профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга қонун талаблари ва бундай қилмишларининг ҳуқуқий оқибатлари атрофлича тушунтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида “шаҳидлик” ва “жиҳод” қилиш масаласида суҳбатлар ташкил этган 18 ёшли шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси