Жиззахда алимент тўламай келган ота қамалди
3-саҳифа
−
30 Май
3752Жиззах вилоятида алимент қарздорлигини тўламай келган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят Мажбурий ижро бюроси хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор отадан алиментдан бўлган қарзни ундириш Прокуратура бюросининг Ш.Рашидов туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари судига юборилган.
Суд жараёнида қарздор ўз айбига иқрор бўлиб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлай олмаганлигини, оилавий шароити оғирлиги сабабли, ҳозир ҳам алимент тўловларини тўлаб бера олмаслигини айтиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.
Ундирувчи эса судда фарзандларининг отаси алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслигини, фарзандларини бир ўзи жуда қийналиб, тарбиялаётганини, қарздордан алимент тўловларини тўлиқ ундириб бериб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Суд қарорига асосан қарздор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қарздор ота суд залида дарҳол қамоққа олиниб, жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ алиментдан қарздорлигини тўламай юрган самарқандлик аёл Тошкентдан топилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси