Жиззахда алимент тўламаган ота мажбурий меҳнатга жўнатилди
3-саҳифа
−
01 Октябрь
4631Жиззах шаҳрида 9 миллион сўмдан ошиқ алиментни тўламаган эркакка мажбурий меҳнатга жалб этиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар берди.
Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 10 майдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор М.А ҳисобидан ундирувчи Э.Л фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор М.А. ўз вақтида алимент қарздорлигини тўламаганлиги оқибатида жами 9 миллион 41 минг 926 сўм алимент қарздорлиги вужудга келган.
Қарздорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 4-бандига (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) асосан маъмурий иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг жорий йил 23 сентябрдаги қарорига асосан, қарздор М.А ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 120 соат мажбурий меҳнатга жалб этиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 10 йил давомида фарзандига алимент тўлашдан қочиб юрган ота қўлга тушганди. Ота алимент тўловларидан бўйин товлаб қочиб юрганлиги сабабли унга нисбатан 2022 йилнинг январь ойида қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор қидирув ишларига кўра, қарздор ота 2014 йил февраль ойида Россия давлатига чиқиб кетгани аниқланган.
Тошкент шаҳрида эса ота алимент учун 16 йиллик алиментни олдиндан тўлаб берганди. 2024 йилдан 2040 йилгача бўлган давр учун алимент миқдори ҳисобланганда, жами 818 миллион 895 минг 193 сўм миқдорида алимент миқдори вужудга келган. Қарздор ундирувчи фойдасига жами 818 миллион 895 минг 193 сўм эвазига 1 та уй, Spark автотранспорт воситаси ва 2 минг АҚШ доллари миқдорида алимент пулларини тўлаб берган.