Жиззах ва Самарқандда прокурорлар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
21 Сентябрь 2021
29816Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган қатор тадбирларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупционер хизматчилари қўлга олинди.
Хусусан, Жиззах вилоятида туман прокурори хизмат хонасида 800 АҚШ доллари пора билан ушланди. Прокурор таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи ДУКнинг мансабдор шахслари ва бошқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлламаслик ва мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш учун ундан 2000 доллар сўраган. Пулларнинг қолган 1200 долларини муқаддам олган.
Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари моддий манфаатдорликни кўзлаб маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан суд томонидан тайинланган 3 йил озодликни чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига ўзгартириш учун протест киритиб, суднинг апелляция босқичида ҳукмни ўз кучида қолдириш эвазига 10 минг доллар талаб қилади. Ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ўринбосарининг топшириғи билан унинг воситачиси сўралган пулни олган вақтида ушланган. Прокурор ўринбосарининг алоқадорлиги воситачиси берган кўрсатма асосида ўтказилган тадбирда ашёвий далиллар билан исботланди.
Наманган вилоятида туман МИБ раҳбари маҳаллий фуқарони Қирғизистондаги Жалолобод давлат университетидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчиришда олий таълим вазирлигидаги танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, бунинг учун 700 доллар сўрайди ва 300 доллар ҳамда 1 млн 50 минг сўмни олади. У қолган 200 АҚШ доллари ва 1 млн 50 минг сўм олган вақтида ушланган.
Бухоро вилоятидаги “Қоракўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг катта инспектори хорижий тадбиркорнинг Туркманистон ҳудудидан келадиган юк вагонларини божхона тўловларини кам тўлайдиган қилиб кўрсатиб, кунлик омборхона тўловлари тўланмайдиган шаклда декларация расмийлаштириб бериш эвазига ундан 800 АҚШ доллари талаб қилган. Божхоначи сўралган пулдан 400 доллар олган вақтда ушланган.
Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий ишлар очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси