Жиноятчилик, депортация, меҳнат бозори. Истанбулдаги консул нима дейди?
Интервью
−
10 Февраль 1112 3 дақиқа
QALAMPIR.UZ яқинда Туркияга амалга оширган сафарида давомида Истанбул шаҳрида, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхонаси – Бош консуллигида ҳам бўлди. У ерда Бош консул Шерзод Абдуназаров билан учрашиб, Туркияда ва умуман минтақада яшаётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ долзарб масалалар – ҳуқуқий муаммолар, таълим, консуллик хизматлари, жиноятчилик ҳолатлари ва меҳнат мигрантларининг аҳволи юзасидан суҳбатлашдик.
Турк оммавий ахборот воситаларида вақти-вақти билан ўзбекистонликлар жиноят содир этгани ёки жиноят қурбони бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб туради. Бироқ статистик маълумотларга кўра, нафақат Истанбулда, балки консуллик округига кирувчи Болгария ҳудудида ҳам ўзбекистонликлар орасида жиноятчилик даражаси бошқа миллатларга нисбатан юқори эмас.
Ушбу масала Болгария томони билан ҳам муҳокама қилинган ва улар ҳам ўзбекистонликлар жиноятчиликка мойил эмаслигини тан олган. Шу билан бирга, фуқаролар сонининг кўплиги ва Туркияда 90 кунгача визасиз режим мавжудлиги сабабли айрим ҳолларда Ўзбекистонда жиноят содир этиб, жавобгарликдан қочиб келган шахслар ҳам учраб туриши қайд этилди.
Шунингдек, Туркияда яшаш учун рухсатнома олмасдан истиқомат қилаётган фуқаролар, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳамда ноқонуний миграция ҳолатлари мавжуд. Айрим ўзбекистонликлар ноқонуний йўллар орқали Европа ёки АҚШга кетишга уринган.
Сурияга кетиш билан боғлиқ ҳолатлар эса кескин камайган. Статистик маълумотларга кўра, ноқонуний тарзда Сурияга кетиш каналлари деярли ёпилган. Аксинча, ҳозирда сурияликлар ўз ватанларига қайтишни бошлаган.
Авваллари Туркияда арзон ишчи кучи сифатида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сурияликлар билан рақобатда бўлган бўлса, бугунги кунда сурияликларнинг қайтиши фонида ўзбекистонлик мигрантларга бўлган талаб ошган. Натижада уларнинг ойлик маошларида ҳам маълум даражада ўсиш кузатилмоқда. Бироқ, глобал иқтисодий инқирозлар, урушлар ва инфляция сабаб иш ҳақи масаласи ҳануз долзарблигича қолмоқда.
Бош консулнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда тахминан 800-1000 нафар ўзбекистонлик фуқаро умумий депортация марказларида сақланмоқда. Фуқаролардан консуллик хизматлари юзасидан айрим шикоятлар ҳам келиб тушади. Хусусан, ҳужжатлар кечиктирилиши ёки алоқа билан боғлиқ эътирозлар билдирилади. Бироқ, консуллик вакилларининг таъкидлашича, Туркиядаги кўплаб муаммолар фуқароларнинг ўз ҳужжатларига бепарволиги оқибатида юзага келмоқда.
Масалан, Туркияда бола туғилиб, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинмаган ҳолатлар учрайди. Бундай вазиятларда консуллик муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилади. Мурожаатлар сони кўп бўлишига қарамай, ҳар бир ҳолат бўйича ечим топишга интилинмоқда.
Шу мақсадда консуллик ҳузурида колл-марказ ташкил этилган. Фуқаролар бола туғилиши, никоҳ, виза, паспорт, консуллик рўйхатида туриш каби масалалар бўйича оператор билан боғланмасдан ҳам зарур маълумотларни олишлари мумкин.
Сўнгги пайтларда мураккаб ҳолатлар ҳам қайд этилган. Хусусан, туғилганидан кейин онаси вафот этган, ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва отаси бошқа давлат фуқароси бўлган бола билан боғлиқ иш бир йилдан ортиқ вақт давомида ҳал қилинган. Натижада бола Ўзбекистондаги қариндошларига топширилган.
Бош консул яна бир муҳим масалага эътибор қаратди: кўплаб ўзбекистонликлар консуллик рўйхатидан ўтишни истамайди. Ҳолбуки, консуллик рўйхатидан ўтган фуқароларга тўлиқ хизмат кўрсатилади – болаларга паспорт расмийлаштирилади, йўқолган ҳужжатлар тикланади ва бошқа зарур консуллик хизматлари кўрсатилади.
Таъкидланишича, консуллик рўйхатидан ўтиш бепул бўлиб, онлайн портал орқали амалга оширилади. Ҳозирда бу жараённи янада соддалаштириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Live
БарчасиСомалида самолёт Ҳинд океани қирғоғига қўнди
10 Февраль
Хитойда гуманоид робот инсонга ҳужумга қилди
10 Февраль