Туркиялик эркак ўзи билмаган ҳолда дунёнинг энг бой инсонларидан бирига айланди
Олам
−
08:45 11799 1 дақиқа
Туркиянинг шарқидаги Ван шаҳрида истиқомат қилувчи 32 ёшли Аҳмад Жаҳонгард Такалонинг банк ҳисобларига кутилмаганда ва сабаби тушунтирилмаган ҳолда тахминан 1 триллион турк лираси келиб тушди. Бу ҳақда “Onedio” хабар берди.
Мазкур маблағ ҳисобидан унинг балансдаги умумий маблағи қарийб 21,8 миллиард долларга етган. Бу эса уни амалда дунёнинг энг бой инсонлари қаторига киритади. Бироқ банк томонидан қўйилган чеклов сабабли Такало бир ойдан буён ўз ҳисобларидан фойдалана олмаяпти.
NTV телеканали хабарига кўра, асли озарбайжонлик бўлган ва қарийб 10 йилдан бери Туркияда яшаётган Такало супермаркетда банк картаси орқали тўлов қила олмагач, муаммонинг сабабини аниқлаш учун банк бўлимига мурожаат қилган.
Ҳисоблар текширилганда унинг балансида аниқ 999 миллиард 999 миллион 999 минг 999 лира ва 99 қуруш мавжудлиги маълум бўлган.
“Бу пуллар қаердан пайдо бўлганини мутлақо билмайман”, деган Такало.
Вазиятнинг ноодатий экани сабабли эркакнинг барча ҳисоблари музлатилган ва ҳолат юзасидан текширув бошланган.
Такалонинг айтишича, у банкдан вазият бўйича изоҳ сўраган, бироқ текширув ҳали давом этаётгани сабабли унга батафсил маълумот берилмаган.
У, шунингдек, чорасизликдан сунъий интеллектдан ҳам маслаҳат сўраганини айтган. Нейротармоқ унга бундай миқдордаги маблағ эвазига йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ёки катта ҳажмда олтин захираларини сотиб олиш мумкинлигини билдирган.
Live
Барчаси