Жим Керридан Шварценеггергача… Америка орзусида ёнган машҳурлар
Таҳлил
−
08 Май 2023
13154Сир эмаски, Ўзбекистоннинг миллионлаб аҳолиси ҳеч бўлмаса бир бор чет элга чиққан. Мутлақ кўпчилик одамлар хорижга асосан фақат даволаниш, саёҳат қилиш, таълим олиш ёки махсус тадбирлар муносабати билан эмас, балки чет элда нисбатан даромадлироқ ишлар билан шуғулланиб, кўпроқ пул топиш мақсадида чиқади. Шунга қарамай, бу мақсадга эришиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Айниқса, Европа давлатлари ва АҚШга меҳнат муҳожири сифатида кетиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бу мамлакатларга кириш ва меҳнат қилиш учун қатор имкониятлар яратилган. Шулардан бири ва энг машҳури Green Card лотореясини ўйнаш ва доимий резидент мақомини олиб, Қўшма Штатларга кетиш.
Расмий статистикаларга кўра, ўзбекистонликлар Green Card ўйнаш ва ютишлар сони бўйича юқори ўринларни эгаллаб келади. Масалан, ҳар йили мамлакатнинг 2 миллионга яқин фуқароси ушбу лотореяда ўз омадини синаб кўради. Бундан ташқари, 2022 йилда 5511 киши Америка орзусига етишган бўлиб, Ўзбекистон мазкур кўрсаткич билан Жазоир ва Мисрдан кейин энг кўп Green Card ютган учинчи давлат бўлган.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 май куни 2022 йилнинг куз ойларида ўтказилган Green Card лотореяси жавоблари эълон қилинди. Кимдир ўзи кутган бахтга етишди, яна кимгадир омад насиб қилмади. Бутун дунёда айни пайтда ушбу лоторея сайтига киришлар сони ортгани туфайли унда иштирок этганлар орасида ҳали ҳамон ўз жавобларини билолмаганлар ҳам йўқ эмас.
Green Card лотореясида ютди дегани – АҚШга кетади дегани эмас. Бундан кейин ҳам иштирокчи бир неча босқичлардан ўтиши шарт бўлади. Агар омади келиб унга океан ортига бориш насиб қилса, уни у ерда ўзгача жамият, ҳаёт ва одамлар кутиб тургани аниқ. Ажаб эмаски, бу йил ютганлар ҳам келажакда Америка жамиятида ўз ўринларини топиб, қуйидаги ҳикоямиз қаҳрамонлари сингари дунё танийдиган шахсларга айланишса. QALAMPIR.UZ сиз учун бир вақтлар Америкага боришни орзу қилиб, айни пайтда ушбу диёрнинг энг кўзга кўринган одамларига айланганлар ҳақида ҳикоя қилади.
Жим Керри
Ўзбек кино ихлосмандларига “Ниқоб” фильмидаги роли билан яхши таниш бўлган Жим Керрининг асли канадалик эканидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Комик актёр 1979 йилдан кейинги фаолиятини Қўшма Штатларда давом эттиради. 2004 йилга келиб эса мамлакат фуқаролигини ҳам олган. Ўшанда у ўз ватани, Канададан, воз кечиш нияти йўқлигини таъкидлаган.
"Канадада тарбияланганим мени шундай одам қилди. Мен канадалик эканлигимдан доим фахрланаман”, деган эди у.
АҚШ ҳақида эса бу мамлакат унга ўзини топишга ҳамда орзуларини рўёбга чиқаришга ёрдам берганини айтган.
Майкл Жей Фокс
Актёр Майкл Жей Фоксни “Келажакка қайтиб” кинотрилогияси орқали яхши танисангиз керак. Майкл ҳам Жим Керри каби Канадада туғилган. У ҳам ватандоши Жим билан бир вақтда, 1979 йил Лос-Анжелесга кўчиб ўтган. 2000 йилда АҚШ фуқаролигини олган Майкл анчайин сермаҳсул ижод қилиб, беш марта “Эмми”, тўрт марта “Олтин Глобус” ва бир бор ”Гремми” мукофоти соҳибига айланган.
У АҚШ фуқаролигини олган вақтда шундай нутқ сўзлаган эди:
“Мен ўзим қадрлайдиган қадриятлар ва тамойилларни қўллаб-қувватлаганимдан фахрланаман. Орангизда ҳамма нарсасидан воз кечган, борини йўқотган одамлар бор. Улар ўз оилаларини сақлаб қолиш, қоринларини тўйдириш ва касалликларини аритиш учун курашмоқда ҳамда бу мамлакатга келиш учун жуда катта таваккал қилишди ва биз нима учун “йўқ” дейишимиз керак”.
Сальма Ҳайек
Мексикаликлар орасида биринчи “Оскар” мукофоти соҳибаси ҳам АҚШда ўз омадини топган.
1991 йилда Лос-Анжелесга кўчиб ўтган актриса визаси тугагач, мамлакатда бир муддат ноқонуний яшаганини ҳам тан олган.
Николь Кидман
“Соатлар” фильмидаги роли учун 2003 йилда “Оскар” мукофотига лойиқ кўрилган актриса Николь Кидман ҳам асли америкалик эмас.
У Австралиядан келиб, Гавайи оролларининг Гонолулу шаҳрида вақтинчалик таълим визаси билан яшаётган жуфтлик оиласида дунёга келган. Николь фаолияти давомида бир неча марта “Олтин глобус”, бир марта BAFTA, икки марта “Эмми” ва бошқа бир қатор мукофотларга сазовор бўлган.
Натали Портман
Marvel томонидан суратга олинган “Тор” ва “Тор: зулмат дунёси” фильмлари ҳамда “Юлдузлар жанги” туркумидаги фильмларда ўйнаган роллари билан танилган актриса Натали Портман асли Исроилнинг Қуддус шаҳрида туғилган.
Унинг ота-онаси Натали 3 яшар вақтида таълимни давом эттириш учун АҚШга кўчиб ўтган. Ҳозирда Натали Портман ҳам Америка фуқароси.
Арнольд Шварценеггер
Барчамизга таниш бўлган “Терминатор” ҳам аслида Австриядан АҚШга борган муҳожир. Арнольд Шварценеггер ўзининг бодибилдингдаги карьераси сабаб АҚШга кўчиб ўтади ва 1983 йилда фуқароликни ҳам олади.
Асли америкалик бўлмагани ҳам унинг 2003-2011 йиллар давомида Калифорния штати губернатори бўлишига тўсқинлик қилмаган.
Сергей Брин
Google асосчиси Сергей Брин Совет иттифоқидаги рус-яҳудий оиласида 1973 йилда дунёга келган. 1978 йилда унинг оиласи СССРдаги антисемитизм (яҳудийларни кўра олмаслик) кайфиятидан қочиш мақсадида виза олиш учун ариза беради. Шундан сўнг улар бир муддат Вена ва Парижда яшаб, кейинроқ АҚШга кўчган. 2007 йилда Сергейнинг онаси бир интервьюда ўғлининг АҚШга мослашиши қийин бўлгани, яҳудий мактабида ўқиган вақтида болалар уни мазах қилгани учун ўқишга боришни истамаганини айтган.
Сергей Брин Мериленд ва Стенфорд универеситетларидаги таҳсилдан сўнг, 1998 йилда Ларри Пейж билан биргаликда Google’га асос солган.
Бугунги кунда 89 миллиард доллар бойликка эгалик қилувчи Брин дунёнинг энг бадавлат 9-одами ҳисобланади.
Камилла Кабелло
Ўнлаб хит қўшиқлари билан машҳур бўлган Камилла Кабелло 6 ёшдалик вақтида онаси билан бирга АҚШ чегарасини кесиб ўтган.
Камилла 2018 йил “Гремми” мукофотини олиш чоғида муҳожирликда ўтган ҳаёти ҳақида ҳикоя қилар экан, шундай дейди:
“Мени бу юртга чўнтагида ҳеч нарсаси йўқ, бироқ қалбида умид бўлган ота-онам олиб келган. Улар менга ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва икки карра меҳнат қилиш қандай бўлишини кўрсатган. Ростини айтсам, ҳаётимнинг ҳеч бир қисми уларникидан фарқ қилмайди. Мен шарқий Гаванада туғилган мағрур кубалик муҳожирман. Нью-Йоркда сизнинг қаршингизда туриб, “Гремми” мукофотини олар эканман, шуни биламанки, болаларни эсдан чиқариб бўлмайди ва улар учун ҳар қанча курашсангиз арзийди”.
LiveБарчаси