“Жиддий нарса”. Путин КХДР аскарлари акс этган суратларга изоҳ берди
Олам
−
24 Октябрь
16883Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда Шимолий Корея қўшинлари борлигини акс эттирадиган сунъий йўлдош суратлари ҳақидаги саволга жавоб бериб, уларни “жиддий нарса” деб атади. Бу ҳақда РБК хабар берди.
“Суратлар – бу жиддий нарса. Агар суратлар бўлса, улар ниманидир акс эттиради”, деди давлат раҳбари BRICS саммитининг XVI якуний матбуот анжуманида.
У шунингдек, НАТО ҳарбийлари аллақачон тўғридан тўғри Украина можаросида иштирок этаётганини таъкидлади.
“Сизга маълумки, бугун бизнинг стратегик шериклик ҳақидаги шартномамиз ратификация қилинди ва унинг 4-моддаси мавжуд. Биз ҳеч қачон Шимолий Корея раҳбарияти келишувларга жиддий муносабатда эканлигига шубҳа қилмаганмиз. Бу 4-модда доирасидаги бизнинг ишимиз”, деди Путин.
Шунингдек, Россия Президенти Москва кескинликни кучайтириш ниятида эмаслигини, буни “бошқа томондагилар” қилаётганини ва Россия бу кескинликка тайёрлигини билдирди.
“Ўйлаб кўринг, бунга қўл ураётган давлатлар бунга тайёрми?” деди у.
Маълумот учун, Жанубий Корея миллий разведка хизмати аввалроқ Шимолий Корея илк ҳарбий гуруҳни тайёргарликдан ўтиш учун Владивостокка юборганини хабар қилган эди. Шунингдек, Пхеньян жами 12 минг кишилик тўртта бригадани Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россияга тақдим этишни режалаштираётгани айтилганди. Бундан ташқари, махсус бўлинмалар ҳамда Россиянинг Су-25 ва МиГ-29 самолётларини бошқарадиган учувчилар ҳам фронтга юборилиши мумкин. НАТО иттифоқчилар Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бироқ 21 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси ишчи гуруҳи йиғилишида Шимолий Кореянинг доимий вакили Ким Сонг унинг мамлакати ўз аскарларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай маълумотни “асоссиз миш-мишлар” деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси мамлакат Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида жорий йилнинг июнь ойида Пхеньянда имзоланган икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини бир овоздан ратификация қилган эди. Ҳужжат де-факто ҳарбий иттифоқни англатади. Хусусан, ушбу келишувнинг 4-моддасида агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси зудлик билан унга мавжуд барча воситалари билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши белгиланган.
LiveБарчаси