Россияда дрон ҳужуми хавфи туфайли аэропортлар ёпилди
Олам
−
27 Декабрь
4078Бугун, 27 декабрь куни Россиянинг бир қатор аэропортларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Россия ҳаво транспорти федерал агентлиги хабар берди.
“Фуқаролик самолётларининг парвозлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 27 декабрь, жума куни Москва вақти билан тахминан 05:00 да Сочи аэропорти фаолиятига вақтинчалик чекловлар жорий этилди”, дейилади баёнотда.
Агентликнинг таъкидлашича, ҳаво кемалари экипажлари, ҳаво ҳаракатини назорат қилувчи органлар ва аэропорт хизматлари парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Сочи аэропортидаги чекловлар Москва вақти билан 09:15 да бекор қилинди.
Шунингдек, Қозон аэропорти вақтинча рейсларни қабул қилмади ёки жўнатмади.
“Фуқаролик самолётларининг парвозлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Москва вақти билан соат 06:00 дан Қозон аэропорти фаолиятига вақтинчалик чекловлар жорий этилди", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Волгоград ва Астрахан аэропортларида ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чекловлар жорий этилди.
“Бугун эрталаб минтақада ҳаво ҳудудидан фойдаланишга оид чекловлар жорий этилгани сабабли, Волгоград аэропортида Москвадан (“Аэрофлот” ва “Победа” авиакомпаниялари) парвозлар кечикмоқда. Бугун эрталаб минтақада ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича жорий этилган чекловлар туфайли Астрахан аэропортига Москвадан “Аэрофлот” рейси келиши кечикмоқда”, деди аэропорт вакили Анастасия Голодова.
Унинг тушунтиришича, барча чекловлар олиб ташланган, аэропортлар одатдагидек ишламоқда.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кеча тунда бешта ҳудудда Украинанинг 13 та учувчисиз самолётини йўқ қилганини маълум қилди.
“Брянск вилояти ҳудудида бешта дрон, Курск вилояти ҳудудида учта, Белгород ва Тула вилоятлари ҳудудида иккитадан ва Астрахан вилояти ҳудудида биттадан уриб туширилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 декабрь куни фуқаролик ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Россия пойтахти Москва шаҳрининг Шереметево, Домодедово, Внуково, Жуковский ва Калуга аэропортларида вақтинчалик чекловлар жорий этилганди. РБК нашрининг ёзишича, бу “Ковёр” режим доирасида амалга оширилган. Режим ноқонуний чегарани кесиб ўтиш ёки ҳаводаги номаълум объектлар сабабли жорий этилади.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь