Женевадаги Россия-Украина музокаралари натижасиз якунланди
Олам
−
19:01 1785 2 дақиқа
Бугун, 18 февраль куни Россия, Украина ва АҚШ вакиллари Женевада Украинадаги урушни тўхтатиш масаласидаги музокараларнинг навбатдаги куни ўтказилди. Бу ҳақда BBС хабар берди.
Учрашувлар кеча, 17 февраль куни кечқурун бошланган. Бугун эса икки соат давом этган. Бироқ музокараларда аниқ келишувга эришилмаган. АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф музокараларга ижобий баҳо берган бўлсада, Россия ва Украина томонлари жараён “қийин” кечганини билдирган. Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский музокараларни бизнес учрашувга ўхшатган ва яқин орада яна бир музокара ўтказилиши мумкинлигини айтган. Украина Президенти Владимир Зеленский эса томонлар позициясидаги катта фарқлар сабабли музокаралар осон бўлмаганини таъкидлаган.
Украина вакили Рустам Умаров музокаралар мазмунли ва қизғин ўтганини, айрим масалаларда силжиш борлигини, аммо ҳозирча тафсилотларни ошкор қилиб бўлмаслигини маълум қилган.
Томонлар ўртасидаги энг катта тортишув ҳудудий масалалар билан боғлиқ. Россия Донецк ва Луганск вилоятларидан иборат Донбасс ҳудудини тўлиқ назорат қилишни талаб қилмоқда. Украина эса бу ҳудудларни беришга рози эмас. Зеленский Донбассни топшириш бўйича ҳар қандай қарор референдумга қўйилса, украиналиклар уни рад этишини таъкидлаган.
Яна бир муҳим масала — Запорожье атом электр станцияси тақдири. Европадаги энг йирик АЭС 2022 йил мартидан бери Россия назоратида. Украина станцияни қайтаришни талаб қилмоқда. Зеленский илгари станция бошқарувида АҚШ билан ҳамкорлик қилиш мумкинлигини билдирган, бироқ Россия бунга розилик бергани йўқ.
АҚШ Президенти Дональд Трамп музокаралар чўзилаётганидан норози эканини билдириб, Украина тезроқ келишувга эришиши кераклигини айтмоқда. Зеленский эса адолатсиз муросага рози бўлмаслигини таъкидлаб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада президентлик сайловлари ва Россия билан эҳтимолий тинчлик шартномаси бўйича референдум ўтказиш масаласи муҳокамаси бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси