ЖЧ–2026 иштирокчисида наркотик аниқланди

Спорт

image

Австралиялик ярим ҳимоячи Кристиан Вольпато Сиднейда тезликни оширгани учун икки марта тўхтатилганидан сўнг, унинг организмида кокаин аниқланди. Бу ҳақда AU News хабар берди.

22 ёшли футболчи илк бор кеча, 23 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23:05 да Анзак кўпригида тўхтатилган. У тезлик соатига 60 километр билан чекланган ҳудудда 86–94 километр тезликда ҳаракатланган. Футболчидан алкоголь бўйича тест олинган, аммо натижа манфий чиққан.

Орадан икки соат ўтиб, Вольпато худди шу ҳудудда соатига 109 километр тезликда ҳаракатланаётгани учун яна тўхтатилган. Бу сафар ундан олинган тест кокаинга ижобий натижа берган.

Янги Жанубий Уэльс полицияси футболчи тезликни оширгани учун жаримага тортилгани ва унинг халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олти ойга тўхтатилганини маълум қилган. Шунингдек, Вольпатодан қўшимча таҳлил учун яна намуналар олинган ва тергов давом этмоқда.

Италиянинг “Сассуоло” клубида тўп сурадиган Вольпато 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Австралия терма жамоаси сафида учта учрашувда майдонга тушган. Австралияликлар 1/16 финалда Мисрга пенальтилар сериясида мағлуб бўлган.

Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) қоидаларига кўра, кокаин фақат мусобақа пайтида тақиқланган модда ҳисобланади. Шу сабабли Вольпатога спорт дисквалификацияси қўлланилмаслиги кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг