Жазосиз қолаётган жиноят ёхуд 6 жоннинг хунини ким тўлайди?
Таҳлил
−
13 Январь 2023
163582022 йилнинг 6 апрель куни "Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисида"ги қарор бекор қилинди, яъни 2019 йил 4 декабрдаги Президент фармонида келтирилган, “2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ҳақида”ги қисм ўз кучини йўқотди.
2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда қиморга асосланган онлайн ўйинларни ўйнаш ва уни реклама қилишга доир жазо ва жавобгарлик чоралари кучайтирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўша пайтдаги депутати Расул Кушербоев ҳам ўз Telegram саҳифасида хабар берганди.
Депутатлар кўриб чиқаётган қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексида қуйидагилар кўзда тутилганди:
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш — Базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маълумот ўрнида айтишимиз жоизки, Ўзбекистонда “онлайн қимор” билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 90 тани ташкил этган.
Мутахассисларнинг фикр билдиришича, бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағлари сарфлашига ва айрим фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларни талон-торож қилиш каби ҳаракатлар содир этишига сабаб бўлмоқда.
"Онлайн қимор"да ютқазгани ортидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Уларнинг барчаси 25 ёшгача бўлган ёшлардир.
Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистонда қимор ўйинларини чеклайдиган эшитилишидан жудаям кучли қонунлари бор, лекин нега бу қонунларнинг амали йўқ?
Нега мамлакатда ўтказилаётган йирик спорт тадбирларида ҳали ҳам қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиб қилинмоқда ва ана шундай ҳолатларга нисбатан чора кўрилмаяпти?
Мисол учун, 2022 йилнинг 20 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Учрашув вақтида стадион четидаги таблоларда Россия букмекерлик компаниясининг рекламаси айланиб турди ва бу ҳолат ЎзМТРК томонидан транслаяция қилинди. 90 дақиқадан ортиқ вақт мобайнида ҳеч бўлмаганда 10 дан ортиқ киши стадиондаги онлайн қимор ўйини рекламаси ортидан ушбу офат сари илк қадамини қўйган бўлиши мумкин ва албатта, бундай бўлмаслигига, реклама ўз кучини кўрсатмаслигига, чангалга илинтирмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Яна бир шунга ўхшаш ҳолат жорий йилнинг 7 январь кунида Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўзбекистонлик биринчи UFC жангчиси Маҳмуд Муродовга тегишли “Мурадов профессионал лигаси” турнирида кузатилди. Октагонда яна бир рус букмекерлик конторрасининг тарғиботини кўриш мумкин. MPL баҳслари ҳам ҳам телевидения орқали бутун Ўзбекистонга жонли тарзда намойиш этилди.
Умуман Маҳмуд Муродовга тегишли мазкур лиганинг олдинги турнирларида ҳам букмекерлик конторраси тарғиб қилинган.
Юқоридаги ташкилотлар ва номларга нисбатан ҳеч қандай ғаразлигимиз йўқ, лекин шу юрт фуқароси сифатида қонунларимиз ҳақиқатда кучли бўлишини ва уни бузган ҳар бир ташкилот, муассаса ёки шахсга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини биз ҳам хоҳлаймиз, зеро қонун устуворлиги бор жойда тараққиёт бўлади.
QALAMPIR.UZ'нинг ушбу мавзу бўйича тайёрлаган махсус кўрсатувини юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси