Жавоб зарбаси: Россия Запорожьедаги объектларни бомбардимон қилди (видео)
World
−
12:03 3354 2 minutes
Бугун, 21 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Запорожье шаҳрига оммавий ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида 2 та тўққиз қаватли турар жой биноси зарар кўрган ва уларда ёнғин чиққан. Шунингдек, савдо марказларидан бири ҳамда олий таълим муассасаси биноси ёниб кетган. 5 киши жабрланган, яна 5 киши қутқарилган ва 14 киши ёнаётган бинолардан эвакуация қилинган.
“Вазиятда душман ҳужуми оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда”, дейилади Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида.
Бундан аввал, Россиянинг ҳужумчи дронлари Киев шаҳри ва Киев вилоятига ҳужум қилган. Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, пойтахтда бир аёл жабрланган.
Вилоятнинг Фастов, Буча ва Обухов туманларидаги саноат ҳудуди, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси биноси ҳамда хусусий уйда ёнғин чиққан. Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати ёнғинлар фақат бугун, 21 сентябрь куни эрталаб ўчирилганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қайд этилмаган.
Шунингдек, Россия ҳарбийлари кеча кечқурун Суми шаҳрига икки марта ҳужум қилган. Зарбалaрдан бири кўп қаватли турар жой биноси яқинига келиб тушган. Вилоят маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълум қилишича, бир аёл ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия пойтахти Москва сўнгги бир сутка ичида энг йирик дрон ҳужумига учраганди. Ҳужум вақтида “Газпром нефть” компаниясининг Москвадаги Капотня туманида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи ҳам зарбага учраган ва у ерда ёнғин чиққан.
Live
All