Жавоҳир Синдоров халқаро мусобақа ғолиби бўлди
Спорт
−
04 июл 3300 1 дақиқа
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров АҚШда бўлиб ўтаётган Naroditsky Memorial Rapid 2026 халқаро шахмат турнирида чемпионликни қўлга киритди. Бу ҳақда Синдоров ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Синдоров мусобақанинг асосий баҳсларини 7 турдан 6 очко билан якунлаб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан бир хил натижа қайд этган. Ғолиб номи тай-брек баҳсларида аниқланиб, унда ўзбекистонлик шахматчи рақибини мағлуб этган ва турнирнинг бош совринини қўлга киритган.
Мазкур ғалаба эвазига Жавоҳир Синдоров 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот билан тақдирланган.
Турнирдаги муваффақият гроссмейстернинг халқаро рейтингига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Рапид йўналишида у 6,9 рейтинг очкосини қўлга киритиб, умумий рейтингини 2724,9 очкога етказди. Натижада Синдоров онлайн рейтинг жадвалида уч поғона юқорилаб, дунёнинг энг кучли рапид шахматчилари орасида 7-ўринга кўтарилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур натижа Ўзбекистон терма жамоасининг 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси олдидан муҳим ютуқларидан бири бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 21 июнь куни Гонконгда бўлиб ўтган 2026 йилги жамоавий тезкор ва блиц шахмат бўйича Жаҳон чемпионати ўз якунига етиб, мусобақанинг блиц йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси совриндорлар сафидан жой олганди.
Мумтозбегим Абдумўминова
Live
Барчаси