Жасур Умировни зўрлашда айблаб, қаматган қизга нега чора кўрилмаяпти? ИИВ ва прокуратура нега жим?
Таҳлил
−
02 Июнь 2021
102358Ўтган йилнинг октябрь ойидан буён хонанда Жасур Умиров билан боғлиқ суд иши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Даъвогар Шаҳзода Мўминова судгача оммавий ахборот воситалари орқали қилган чиқишларида ва дастлабки тергов давомида Жасур Умиров томонидан зўрланганини иддао қилган эди. Орадан кўп ўтмай хонанда суд қарори билан озодликдан маҳрум этилди. Барча воқеалардан кейин Шаҳзода Мўминова QALAMPIR.UZ’га интервью бериб, ҳаммаси ўзининг розилиги билан бўлгани, Жасур Умиров уни зўрламаганини, хонандага туҳмат қилганини тан олди.
Интервью эълон қилинганидан уч ҳафтадан ортиқ вақт ўтса ҳамки, унга ёлғон гувоҳлик бергани ёки туҳмат учун чора кўрилгани йўқ.
Шу ўринда савол туғилади: нега ушбу ҳолатга ички ишлар ва прокуратура органлари ўз муносабатини билдириб, адолатни тиклаш учун керакли чораларни кўрмаяпти? Биз бўлиб ўтган воқеаларга ҳуқуқий баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрдик.
“Жасур Умиров иши” хронологияси
QALAMPIR.UZ’га берилган интервьюгача ўзини жабрланувчи сифатида кўрсатиб келган Шаҳзода Мўминова хонанда Жасур Умиров унинг номусига текканини айтиб 2020 йил 15 июнь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ИИБга мурожаат қилган. Тергов бошқармаси томонидан Жасур Умировга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Каттақўрғон туман ички ишлар органи юз берган ҳолатда бирон-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги асос билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган. Шаҳзода Мўминова адвокати М.Рустамова билан вилоят прокуратурасига мурожаат этиб, Жасур Умировга нисбатан бўлган жиноят иши тергов ҳаракатларидан норозилигини баён этган.
Мурожаат Самарқанд вилоят прокурори Р.Машарипов раҳбарлигида ариза муаллифи Шаҳзода Мўминованинг адвокати М.Рустамова, вилоят прокуратураси ва ИИБ масъуллари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилган. Мурожаат 2020 йилнинг 18 декабрь санаси билан қабул қилиниб, жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани ва қонуний қарор қабул қилиниши таъкидланган.
Шундан сўнг, ишда тўпланган далиллар асосида Жасур Умировга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, суднинг ўтган йил 21 декабрдаги ажримига асосан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов давомида Жасур Умировнинг айби мақбул далиллар билан тўлиқ тасдиқлангани боис у Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг жорий йилнинг 2 февралдаги ҳукмига кўра, Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, А.З. Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
Ш.Қ. Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
ИИВ нега жим?
Дастлаб Шаҳзода Мўминова ўзини жабрланувчи сифатида кўрсатиб, хонанда Жасур Умиров зўрлаганини айтган бўлса, кейинчалик тергов якунида ва суд жараёнида бирдан гапларидан тониб, Жасур Умировга туҳмат қилганини тан олган. Қолаверса, қиз QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида ҳам отасидан қўрққани ва хонанда унга берган ваъдасини бажармай, уйланишни пайсалга солгани учун терговда ёлғон кўрсатма бергани, ўз хоҳишига кўра у билан бирга бўлгани, ҳозирда даъвоси йўқлигини айтган. Умировга нисбатан туҳматга яқин қариндошларини ҳам шерик қилганини тан олган.
Ушбу интервью QALAMPIR.UZ’да эълон қилингач, жамоатчилик орасида турли саволлар туғила бошлади: нега Шаҳзода Мўминова ёлғон кўрсатма бериб, беайб одамга туҳмат қилганини тан олса ҳам унга нисбатан чора кўрилмаяпти? Нега туҳмат қурбони бўлган шахс ҳамон панжара ортида ўтирибди? Демак, зўрлаш айблови билан ҳибсга олинаётганларнинг ҳаммаси ҳам чиндан айбдор эмас экан-да?!
Дарҳақиқат, бир шахс бошқа бир шахс устидан очиқдан-очиқ туҳмат қилиб, кейинчалик бу қилмиши учун жавобгар бўлмаслиги бундай турдаги жиноятларнинг ошишига, қамоқхоналар эса беайб одамларга тўлишига олиб келади.
Масалага қандай ҳуқуқий баҳо бериш керак?
Ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берадиган бўлсак, қонунчиликда ёлғон гувоҳлик берганлик учун жавобгарлик белгилан. Жиноят кодексининг 238-моддасига кўра, “Ёлғон гувоҳлик бериш, яъни суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов чоғида ёки судда гувоҳнинг ёки жабрланувчининг била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун шахс уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
Бундан ташқари, Шаҳзода Мўминова дастлабки терговда ва оммавий ахборот воситалари орқали қилган бир неча чиқишларида ёлғон кўрсатма бериб, Жасур Умировга туҳмат қилиб, ўзининг хонанда томонидан зўрланганини айтган. Бу эса Жиноят кодексининг 139-моддаси – “туҳмат” билан жавобгарликка тортишга асос бўлади. Ушбу моддага кўра:
Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
в) хавфли рецидивист томонидан;
г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Мўминованинг ўзини айблашга шунча асослар етарли бўлиб турганда ички ишлар идоралари нега жим? Ҳолбуки қўлимизда асос бор. У туҳмат қилганини тан олиб, интервью берган.
Лавозимидан озод этилган ИИБ ходими нега ишига тикланмаяпти?
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, номусга тегиш Жиноят кодексининг ўта оғир жиноятлар таркибига киради. Унинг санкциялари ҳам жуда оғир, ҳолатга қараб яъни бир гуруҳ шахслар томонидан, вояга етмаган шахсга нисбатан, яқин қариндошига нисбатан, ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан номусга тегиш жинояти содир этилса, 3 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Шунинг учун бир шахсни ушбу жиноят билан айблашдан олдин етти марта ўлчаш зарур.
Охирги вақтларда номусга тегиш жинояти тез-тез кун тартибига чиқиб турибди. Баъзилари ушбу жиноятдан ҳақиқатан ҳам жабр кўрган бўлса, кўпчилик ушбу жиноят туридан бошқа бировни осонгина айблаш, моддий манфаатдорлик ва ўзининг қабиҳ мақсадига етишда фойдаланмоқда. Оқибатда эса беайб одамлар панжара ортига кирмоқда. Адолат сўзига ҳам, унинг амалдаги ифодасига ҳам ишонч йўқолмоқда.
Масалага жиддий эътибор қаратсак, дастлабки тергов жараёнларида Каттақўрғон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари Шаҳзода Мўминованинг мурожаатини кўриб чиқиб, жиноят иши қўзғатишга етарли асослар йўқлиги боис ишни рад этганини кўрамиз. Бироқ, орадан кўп ўтмай ишга прокуратура аралашди, жиноят иши қўзғатилди ва вилоят прокурорининг шахсан ўзи ушбу ишни назоратга олди. Икки ўртада Жиноят иши очишни рад этган терговчи устидан текширув бошланди, Умиров қамоққа кирди. Хўш, бу кимнинг хатоси? Туҳматни вақтида пайқаган ИИБ ходими қаерда хато қилдики, адолатни тиклашга қилган ҳаракатлари жазолаш билан “рағбатлантирилди”.
Ўша вақтларда “Жасур Умиров иши” бўйича жиноят иши қўзғатишни рад етган ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилаётгани ҳақида маълумот берилганди. Ва охир-оқибат мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўргон тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғига ҳайфсан, туман ИИБ бошлиғига танбеҳ интизомий жазоси ва вилоят ИИБ тергов бўлими бошлиғининг ўринбосарига эса лавозимидан озод этиш жазоси қўлланилди. Бир қизнинг ёлғони эвазига уч нафар мансабдор шахс жабр кўрган. Бироқ, шу кунгача лавозимидан озод этилган ходим ўз ишига қайта тиклангани йўқ. Қўлланилган чоралар қайтариб олинмади ва кўрилган маънавий зарар қопланмади.
Шаҳзода Мўминованинг QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсидан сўнг юқорида айтиб ўтилган ИИБ мансобдор шахсларига қўлланилган интизомий жазо чораси бекор бўлиши ва ўз мансабидан озод этилган ИИБ тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари ишига тикланиши зарур. Шунингдек, бир шахсни жамяитда обрўсизлантириб, унинг қамалишига олиб келган туҳматга бош-қош бўлган Мўминовага қонуний чора кўрилиши керак.
LiveБарчаси