Жасур Умиров ишини ёпди-ёпди қилган масъулларга чора кўрилди
Жамият
−
22 Апрель 2021
27028Аввалроқ қўшиқчи Жасур Умировнинг иши бўйича дастлаб жиноят иши қўзғатишни рад этган ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Қўшиқчига нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича дастлабки қарор қабул қилган ходимлар ҳаракатига баҳо берилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, вояга етмаган Ш.М.нинг номусига тегиш иши бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.
Унда терговчи далилларни соҳталаштирмагани, кўрсатмаларни ўзгача тарзда қайд этмагани ва терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсатмаларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олгани аниқлангани сабабли, унга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ, у ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйгани сабабли, унга нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Шунингдек, мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ бошлиғига “ҳайфсан”, туман ИИБ бошлиғига “танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилган.
Вилоят ИИБ ТБ бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилингани билан чегараланилган.
Аввалроқ, хонанда Жасур Умиров вояга етмаган Ш.М.ни номусига теккани, унга нисбатан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, 2020 йилнинг 21 декабрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабар берган эдик.
Кейинчалик Жасур Умировнинг суди ёпиқ тарзда ўтказилиши айтилди. Суд ҳукми билан Умиров ва бошқалар айбдор деб топилиб, уларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра, Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси