Жасур Умиров иши. Қиз хонанда уни зўрламаганини, уйланмоқчилигини айтмоқда
Жамият
−
08 Май 2021
120848Ўтган йилнинг октябрь ойида хонанда Жасур Умировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси жиноий иш қўзғатилганди. Хонанда вояга етмаган Ш.М.нинг номусига тегишда айбланди ва 2020 йилнинг 21 декабрь куни унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Айни вақтда Жасур Умиров ўз жазо муддатини ўтамоқда.
Ўтган ҳафта QALAMPIR.UZ’га Жасур Умировнинг адвокати мурожаат қилиб, Умиров номусига теккани айтилган ва хонанданинг устидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза қолдирган қиз интервью бериш истагида экан, воқеа аслида бошқача бўлганини айтиб бермоқчилигини маълум қилди. Биз эса QALAMPIR.UZ студиясига бир вақтнинг ўзида Жасур Умиров номусига теккани айтилган, бугун эса буни рад этаётган Шаҳзода Мўминова, унинг холаси ва отаси, Умировнинг адвокатини таклиф қилиб, микрофон тутдик. Улар шундай дейди:
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Сиз биринчи марта ҳолат юзасидан маълумот берганингизда хонанда Жасур Умиров сизнинг номусингизга текканини айтгансиз ва кейинчалик ушбу сўзларингизга тескари тарзда ўртада бўлган барча ишлар сизнинг хоҳишингиз билан бўлгани, ҳеч қандай зўрлаш бўлмаганини айтяпсиз. Сиз билан телефон орқали гаплашганимизда биринчи интервьюни босим босим остида берганингизни айтдингиз. Бу босим ким томонидан бўлди?
Шаҳзода Мўминова: — Бошида ўз хоҳишим билан бўлганимни айтишга уйдагиларимдан қўрққанман. Шу сабабли мени зўрлади деганман.
Ф.Н.: — Балки сизга Жасур Умиров қамалгани сабаб “аризангни қайтариб ол” қабилида яна босимлар бўлаётгандир?
Ш.М.: — Йўқ, менга ҳозир ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Ўртадаги барча ишга мен ўз розилигим билан бўлган.
Ф.Н.: — Воқеани бошидан айтиб бера оласизми?
Ш.М.: — 12 июнь куни дугонам телефон қилди. У менга Жасур Умиров билан танишганини, мени ҳам таништирмоқчи эканини айтди. Бироздан кейин яна телефон қилишини, конференция алоқа орқали мени у билан гаплаштирмоқчи эканлигини айтди. Кейин биз гаплашдик. Жасур ака мени Каттақўрғонга келишимни, у ерда мени меҳмон қилишини айтди. Суҳбат давомида Жасур акани рақамини олиб, ўзим телефон қилдим ва эртаси куни боришимни айтдим. 13 июнь куни дугонамга Каттақўрғонга бораётганимни айтдим. Дугонам эса буни Жасур акага айтмаслигимни, унга сюрпириз қилишимизни айтди. Мен тушдан кейин соат 5:00 лар атрофида у ерга етиб бордим. Дугонам кутиб олди ва мени опасини уйига олиб борди. У ердан Жасур ака мени олиб кетди ва биз машинада айландик. Кейин овқатланиш учун Жасур Умировни уйига бордик. Овқатланиб бўлганимиздан кейин Жасур ака “Сенга гапим бор”, деб мени алоҳида хонага олиб кирди. Кейин мендан “Қиз боламисан ёки йўқ”, деб сўради. Мен қиз бола эканлигимни айтдим. Кейин у “Дугонанг ундай демади-ку”, деди. Шундан кейин менга бирга бўлиш таклифини, кейинчалик уйланишини айтди. Мен эса уйланаман дегани учун рози бўлдим. Лекин кейин уйланмайман деб туриб олди. Чунки дугонам мени яхши қиз эмас, деб айтган экан.
Каттақўрғонда икки кун қолдим. Уйдагиларим эса мени дугонамни уйида деб ўйлашган. Кейин холам ва дадам мени уйга олиб кетди. Мен уйга етиб борган куним бўлган воқеаларни айтиб бердим. Қўрққаним учун ўз хоҳишим билан бўлганлигимни айта олмадим. Шу сабаб ҳам зўрлади деганман. Кейин уйдагиларим Ички Ишлар ходимларига хабар беришган. Тергов пайти Жасур ака ҳаммадан кечирим сўраб, менга уйланишини айтганидан кейин ҳақиқатни айтдим. Лекин ўз хоҳишим билан бўлганимни айтганимга судьяларнинг биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам ишонмади. Мен Жасур акани чиқарилишини сўрайман. У инсонда айб йўқ. Жасур акани оиласи мени келин сифатида қабул қилишга тайёр. Дадаси эса “Сен мени келиним эмас, қизимсан”, дейди.
Сиёвуш Раҳматов, Жасур Умировнинг адвокати:
— Жасур Умировни айнан қайси манзилда жазони ўтаётганини айта олмайман. Aммо шуни айтишим мумкинки, у колонияда жазони ўтаяпти. У билан қисқа муддатли учрашувда бўлганимда шуни айтдики, Шаҳзода Мўминова билан ўрталаридаги иш икки томоннинг розилиги билан бўлган. Aммо, иккала томоннинг оила аъзолари ўртасида келишмовчилик бўлганлиги сабабли мана шундай воқелар бўлган. Жасур ҳали суд ҳукми чиқмасдан Kun.uz томонидан оммага асоссиз маълумотлар тарқатилган ва шундан кейин ушбу сайт билан ҳам низо келиб чиққанлигини айтиб ўтди.
Бугунга келиб икки оила шу тўхтамга келган экан, мен бунга аралаша олмайман. Мен ўз ишим билан шуғулланган ҳолда Жасур Умировни фикрларини ва тайинланган жазо адолатли ёки адолатсиз бўлганлигига Жасур Умировнинг муносабатини ҳисобга олиб шикоят ариза таёрладим. Шундан кейин ушбу ариза билан Жасур Умировни таништирганимда, у ҳам аризадаги барча нарсани маъқуллади ва имзолади. Ушбу аризани айни дамда Олий Судга топширганмиз. Биринчи суд Каттақўрғонда бўлган эди. Иккинчиси эса апелляция тартибида ва кейингиси кассация тартибида Олий судда кўрилиши керак.
Ҳолат юзасидан ҳар икала оила келишган бўлса, бу уларнинг ихтиёридаги вазият. Бунга қонун ҳам ҳеч қандай эътироз билдира олмайди. Қонунчилик бўйича яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиманки, бу ҳолат бирор шахснинг аризаси билан жиноят иши қўзғатиладиган жараён. Ҳеч кимнинг даъвоси бўлмаган тақдирда, бу иш тугатилиши керак. Барча суд жараёнларида Шаҳзода Мўминова ўртадаги яқинлик икки томоннинг ихтиёрига асосан бўлганини, ҳозир ва кейинчалик ҳам айбланувчи Жасур Умировга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтмоқда.
Шу ўринда мен ҳам нима учун Шаҳзода Мўминованинг баёноти икки хил бўлаётганига қизиқдим. Балки Жасур Умировнинг оила аъзолари томонидан ўз фарзандларини жазодан озод қилиш мақсадида Шаҳзода Мўминовага қандайдир таклифлар бўлганмикин, деб ўйладим ва жабрланувчига ушбу савол билан мурожаат қилдим. Aммо Шаҳзода Мўминова бундай ҳолат мавжуд эмаслигини, даъво аризасини ўз хоҳиши билан қайтариб олаётганини айтди. Улар балки моддий томонлама ёрдам таклиф қилишгандир деганимда ҳам “йўқ”, дея жавоб берди.
Мен дастлабки терговларда қатнашмаганман. Aйни дамда терговнинг учинчи босқичида иштирок этяпман. У пайтда Жасур Умиров Шаҳзода Мўминованинг қиз бола эмаслиги ҳақидаги гапларни нима сабабдан айтганини ва бугун нима учун уйланишга тайёрлигидан хабарим йўқ. Балки Жасур Умиров ўша пайтда жавобгарликдан қочиш учун бу гапларни айтгандир.
Шаҳзода Мўминова барча суд жараёнларида ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтишига қарамасдан суд шу ҳолатни эътиборга олмаяпти ва биз шунинг учун апелляция тартибида судга қайта мурожат қилдик. Ўз навбатида Шаҳзода Мўминова ҳам суд ҳукмидан норози.
Фурқат Рўзиев, Шаҳзода Мўминованинг отаси:
— Қизим бошида мендан қўрққанини учун зўрланганини айтган. Жасур Умиров эса қилган ишини тан олмагани учун биз судга мурожаат қилишимизга тўғри келган. Ҳозир Жасур Умиров бошида тан олмаётган қилмишини бирдан тан олиб, уйланиш таклифини билдириб қолишини жазодан қочиш учун қиляпти деб ўйладим. Жасур Умиров қамоққа олинганда отаси бу ерда бўлмаган. У ота-онамга маълум қилмасдан ўзим ҳал қиламан, деб ўйлаган. Aммо, отаси барча ишдан хабар топиб Ўзбекистонга етиб келганидан кейин, балки ундан қўрққандир, балки бунга отаси ундагандир, бирдан қизимга уйланишини айтди.
Жасур билан гаплашганимда у қизимга уйланишини, айбини ювишини айтди.
Қизим ўқишда эди. Икки кун уйга келмади. Телефон қилсак, дугонасиникида эканлигини айтди. Кейин биз бориб дугонасини уйидан олиб келдик. Уйга келиб қизимни қистовга олганимиздан кейин бўлган нарсаларни айтиб берди. Кейин биз Жасурни уйига бордик ва бизни унинг онаси кутиб олди. Бўлган ишларни айтсак, “Йўқ, мени ўғлим ундай эмас”, деб биз билан қўпол муомалада бўлди. Чунки Жасур қилган ишлардан ҳали хабари бўлмаган. Яхшиликча ҳал қилайлик деганимда кўнмаган.
Вақт ўтганидан кейин биз кўришдик, уларнинг қариндошлари ва менинг яқинларим йиғилиб, маслаҳат қилиб, ёшларни унаштириб қўйишга келишдик.
Х., Шаҳзода Мўминованинг холаси:
— Шаҳзода интервью бераётган пайтда жуда ҳам тушкун ҳолатда эди. У ёшлик қилиб қўйган. Чунки ҳали лицей ўқувчиси. Жасур бошида қилган ишини тан олмади. Тан олган пайтда эса кеч эди. Бу хатони ҳамма тушуниб етди.
Жасурни отаси Россияда экан. Ўзбекистонга келганидан кейин бизни маҳаллага борди, ҳаммамиз билан танишди. Кейин айтишдики, “Биз келин қилсак, шундай оиланинг қизини келин қиламиз, бундан ортиғи керак эмас”, дейишди. “Aгар бизга ишонмасангиз Тошкентдаги уйни Шаҳзоданинг номига ўтказиб берамиз”, деб айтишди. Биз эса ҳеч нарса керак эмаслигини, фақатгина Шаҳзода бахтли бўлишини истаётганимизни айтдик.
Жасурнинг отасини халққа қилган яхшиликларини эшитиб у инсонга нисбатан ҳурматимиз ошди. Aйбини тан олган инсон дунёдаги энг яхши инсон бўларкан. Шунинг учун Президентимиздан Жасурни кечиришини сўрайман. Шаҳзода Жасур билан ўртасида бўлган ҳолатни иккаласининг ихтиёри билан бўлганини айтганидан кейин Суд буни инобатга олиб 5 йил қамоқ жазосини берди. Олдин 18 йил бериши кутилаётган эди.
Таҳририят: Нафс, ортидан ишлатилган ёлғон, жаҳл устида ташланган навбатдаги нотўғри қадам ортидан шунча муаммолар келиб чиқди. Аввалида қаматишга шошганлар, энди олиб чиқолмай ҳалак. Икки ўртада эса Жасур Умировга нисбатан жиноий иш очишни рад этганларга аллақачон чора кўрилди. Улар учун одамлар ўйинчоқми? Бугун зўрлади дейди, эртага йўқ. Бугун шу ишни қилмадим дейди, эртасига бош эгиб туради. Хулоса сиздан!
Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси. Олий суди Пленумининг 2010 йил 29 октябрдаги 13-сонли “Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 17-бандида “...Квалификация белгилари мавжуд холда номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти учун айбланаётган судланувчининг ҳаракатларини жиноят кодексининг 118-моддасининг биринчи кисми ёки 119-моддасининг биринчи қисмига қайта квалификация қилинган ҳолларда, агар ишда жабрланувчининг ёзма шикояти бўлмаса ёки жабрланувчи суд мажлисида бундай шикоят беришдан бош тортса, суд жиноят ишини ЖПК 84-моддаси биринчи қисми 6-бандига асосан тугатиши" назарда тутилган