Жаримакаш раҳбарлар, божшунос Трамп ва Украинанинг ҳужуми — Weekend
Таҳлил
−
25 июл 3649 14 дақиқа
Уруш қиммат нарса. Чўнтаги кўтарган жангга кирсин. Аммо дунёнинг биринчи рақамли иқтисоди саналувчи АҚШ учун ҳам Эрон билан бўлаётган можаролар оғирлик қилмоқда. Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун яна пул сўраб Конгрессга юзланди.
Шарқий Европада ҳам вазият яхши эмас. Украина урушни янги босқичга олиб чиқди. Бугун Ўзбекистонда ҳам тез ёйилиб бораётган Wildberries’нинг Россиядаги омборлари янги нишонларга айланмоқда. Уруш-ку ўз йўлига, лекин бировларнинг рўзғорини тебратишга ёрдам бераётган онлайн дўконда нима айб?
Аввалига Канада, энди бутун дунё. 10 фоизлик божларнинг муддати тугади, аммо Трамп жаноблари ўрнига янгиларини жорий қилмоқда. Мажбурий меҳнат важи билан жорий этилаётган янги божлар кимларга йўналтирилган?
Ўзбекистон ўтган ярим йилда нималарга эришди? Президент иштирокидаги видеоселекторда ҳаммаси очиқланди. Ишини эплай олмаётганлар танқид қилинди, керак бўлса ишдан олинди.
Шу ва шу каби янгиликлар билан QALAMPIR.UZ’нинг ҳафталик дайжестида гаплашамиз.
Уруш учун яна пул керак
Тугаши қийин бўлиб кетган Эрондаги уруш АҚШнинг “чўнтагини қуритмоқда”. АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Эронга қарши ҳарбий амалиётлар бошланганидан буён уруш харажатлари кутилганидан ҳам кескин ошганини маълум қилди. Жорий йилнинг 21 июль куни АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Конгрессдаги тингловда Вашингтоннинг Эронга қарши олиб бораётган ҳарбий операциялари ҳозиргача 37,5 миллиард долларга тушганини очиқлади. Шу билан бирга, Пентагон урушни давом эттириш, қўшинларни таъминлаш ва Яқин Шарқдаги операцияларни молиялаштириш учун Конгрессдан яна 67,1 миллиард доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратишни сўради.
Хегсетнинг айтишича, дастлаб қисқа муддатли деб баҳоланган операциялар чўзилиб кетгани сабабли, ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ҳарбий логистика ва ҳарбий хизматчиларни таъминлаш харажатлари кескин ортган. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, 37,5 миллиард долларлик сарф-харажатларнинг асосий қисми ҳаво ҳужумлари, денгиздаги операциялар, ракета ҳужумларига қарши мудофаа ҳамда Форс кўрфазидаги АҚШ кучларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Мудофаа вазири Конгрессдан сўралаётган 67,1 миллиард долларлик қўшимча пакет урушни кенгайтириш эмас, балки мавжуд операцияларни узлуксиз давом эттириш ва АҚШ армиясининг жанговар тайёргарлигини сақлаб қолиш учун зарур эканини таъкидлади. Пентагон вакиллари айрим юқори аниқликдаги ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва бошқа стратегик захиралар одатдагидан тезроқ сарфланаётганини ҳам қайд этди.
Аммо урушнинг иқтисодий нархи ошгани сайин унга нисбатан АҚШ ичкарисидаги сиёсий босим ҳам кучаймоқда. Демократлар маъмуриятни аниқ стратегиясиз қиммат уруш олиб бораётганликда танқид қилаётган бўлса, Республикачилар сафида ҳам можаронинг чўзилишидан хавотир билдираётганлар сони ортмоқда.
“Одамлар сиз ва бу маъмуриятдан норози бўлишининг сабаби – аввал айтган гапларингиз билан ҳозирги баёнотларингиз бир-бирига тўғри келмаяпти. Уруш ё тугади, ё тугамади. Икки ҳафта дейсиз, кейин бошқача дейсиз. Ракеталар бор дейсиз, кейин йўқ дейсиз”, деган демократ сенатор Кирстен Гиллибранд.
Жамоатчилик фикри ҳам уруш фойдасига эмас. University of Maryland Critical Issues Poll va Ipsos томонидан 17–20-июль кунлари ўтказилган, 1 019 нафар америкалик иштирок этган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг аксарияти уруш имкон қадар тезроқ якунланишини истайди. Респондентларнинг атиги 15 фоизи АҚШ урушда ғалаба қозонаётганини айтган, қарийб 60 фоизи эса можаро АҚШ манфаатларига фойдадан кўра кўпроқ зарар келтираётганини билдирган. Шунингдек, америкаликларнинг катта қисми Эроннинг ядровий дастури тўлиқ тўхтатилмаган тақдирда ҳам можарони дипломатик йўл билан якунлаш тарафдори эканини маълум қилган.
Табиийки, фуқароларнинг норозилиги ўринли. Уруш учун сарфланаётган ҳар бир ўқ-дори фуқаролар тўлаётган солиқлардан сарфланади. Бугун уруш Пентагоннинг қарийб 1 триллион долларлик бюджетига жиддий босим ўтказмоқда.
Шундай қилиб, Пентагон миллиардлаб доллар қўшимча маблағ талаб қилаётган бир пайтда, урушнинг сиёсий ва иқтисодий қиймати тобора америкаликларни хавотирга солмоқда.
Wildberries’да нима айб?
Жорий ҳафтада энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалардан бири Россиядаги Wildberries омборларига қилинган ҳужум бўлди. Илк ҳужум жорий йилнинг 18 июлига ўтар кечаси Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларидаги логистика марказларига йўналтирилган бўлса, орадан 3 кун ўтиб Краснодар ва Невинномисскдаги омборларга ҳам дрон зарбарлари берилди. Натижада, ўнга яқин инсон ҳалок бўлди ва қарийб 50 киши турли даражада жароҳат олган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳужумлар сабабини изоҳлар экан, бу объектларда дрон ишлаб чиқариш ва навигация ускуналарини сақлаш учун фойдаланилган бўлиши мумкинлигини айтган.Табиийки руслар буни рад этди ва Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Киев режимини террорчиликда айблади.
Электростал шаҳридаги логистика марказининг майдони 250 минг квадрат метр, Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги омборнинг майдони эса 108 минг квадрат метр бўлиб, фақатгина шу икки омборнинг ўзи тармоқнинг 6,5 фоизидан 9 фоизигача бўлган қисмини ташкил қилган. Ушбу омборларда ўз маҳсулотларини сақлаб келаётган чакана савдогарлар умумий ҳисобда 150 млрд рубль зарар кўрган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Аммо Украина фақат шу билан кифояланмади. 23-июлдан 24-июлга ўтар кечаси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги яна 2 та Wildberries логистика марказига ҳужум уюштирилди. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг билдиришича, Санкт-Петербург яқинидаги омборда 3 киши ўртача оғирликда жароҳат олган. Ҳозирча компания ва чакана савдогарлар қанча зарар кўргани расман эълон қилинмади. Аммо Data Insight етакчи таҳлилчиси Сергей Семконинг фикрича, фақатгина Ленинград вилояти ва Санкт-Петербургдаги Wildberries омборларига қилинган ҳужумдан етказилган зарарни ўзи 76 миллиард рублни ташкил этиши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, умумий зарар аллақачон 100 милларддан ошиб кетган.
Қизиғи шундаки, WB бироз аввал, 7 июль санасидан бошлаб, учувчисиз аппаратлар ҳужуми, ракета зарбалари ёки бошқа ҳарбий ҳаракатлар оқибатида омборларда шикастланган ёки йўқ қилинган маҳсулотлар учун сотувчиларга компенсация тўламаслигини янги оферта билан расмийлаштирган эди. Бироқ компания асосчиси ва бош директор Татьяна Ким вазиятни юмшатиш мақсадида компания янги шартнома бўйича ҳарбий ҳаракатлар оқибатида зарар кўрган маҳсулотларни қоплашга расман мажбур бўлмаса-да, сотувчиларни ёлғиз қолдирмаслигини маълум қилди. Шундан сўнг, 22 июль куни маркетплейс эгаси ҳужумлар оқибатида йўқотилган товарлар учун сотувчиларга компенсация тўланишини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, энг аввало, сони 88 мингдан ошадиган энг кичик ва ҳимоясиз тадбиркорлар қўллаб-қувватланади.
“Биринчи тўловларни ҳатто энг кам товар қолдиғига эга бўлган сотувчилар ҳам олишди – шу орқали компания биринчи босқичдаёқ жабрланган тадбиркорларнинг максимал кенг доирасига ёрдам кўрсатди”, дея хабар берган компания матбуот хизмати.
Бироқ, барчанинг зарарини тўлиқ қоплаб беришга компаниянинг молиявий ҳолати йўл қўймайди. Wildberries’даги манба биринчи траншлар “сотувчилар барча товарни сотишдан ишлаб топиши мумкин бўлган сумманинг 10-15 фоизини ташкил этишини” маълум қилган. У бу компания томонидан амалга оширилаётган ихтиёрий тўловлар эканини қайд этган.
Аммо, уруш ҳали тугамаганини, Украина ҳали яна тармоқнинг қатор омборларига ҳужум қилишини инобатга олсак, Татьяна опанинг ҳам ҳиммати чегарасига етиб қолса керак.
Албатта, кузатувчиларимиздан бири изоҳларда ёзганидек, “тош отган инсонга ҳеч ким олма отмайди”. Россия ҳам Украинанинг ҳудудларига бостириб кириб, минглаб инсонларни ўлдирган, юзлаб объектларни кулини кўкка совурган.
Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, одам ўлдирган ҳеч ким бегуноҳ эмас. Биз видеоларимиз орқали фалон давлат яхши, фалон давлат ёмон демоқчи эмасмиз. Мақсадимиз сизга тасдиқланган маълумотларни етказиш. Сиёсатда айтишади-ку, давлатларни дўстлари бўлмайди, манфаатлари бўлади деб. Биз ҳам кези келса Зеленскийни танқид қиламиз, мавриди келса Путинни. Аммо Wildberries’да ишлаётган, шу каби онлайн дўконларда товар сотиб бола-чақасини боқаётган инсонларда айб бўлмагани учун бу сафар Зеленскийнинг қарорларини танқид қилишни маъқул деб топдик.
АҚШ дунёга бож билан ҳужум қилди
“Бож қироли” қайтди. АҚШ Президенти Дональд Трамп савдо сиёсатидаги энг асосий қурол – бож тарифларидан фойдаланишни яна кучайтирмоқда. Аввал Канадага қарши кескин чоралар эълон қилган Оқ уй энди дунёнинг ўнлаб давлатларини янги тарифлар билан “сийламоқда”. Вашингтон бу қарорларни “адолатли савдо” ва “мажбурий меҳнатга қарши кураш” билан изоҳласа-да, кўплаб давлатлар буни иқтисодий босимнинг навбатдаги кўриниши сифатида баҳоламоқда.
Бож урушининг навбатдаги босқичи Канада билан бошланди. АҚШ Канада импортининг қарийб 20 миллиард долларлик қисмига 50 фоизлик бож жорий этди. Асосан пўлат, алюминий ва айрим саноат маҳсулотлари юқори тариф тўсиғига учради. Трамп маъмурияти бу қарорни АҚШ ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш ва Канада томонидан амалга оширилаётган “адолатсиз савдо сиёсати”га жавоб сифатида изоҳлади. Оттава эса бундай чораларни икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик руҳига зид деб атаб, жавоб чораларини кўриб чиқишини билдирди.
Аммо Трамп бу билан тўхтагани йўқ. 24 июлдан бошлаб АҚШ 80 дан ортиқ давлат маҳсулотларига янги бож тарифларини жорий этишини эълон қилди. Янги тартибга кўра, айрим давлатлар экспортига 10 фоиз, бошқаларига эса 12,5 фоиз миқдорида бож қўлланади. Тарифлар АҚШ импортининг қарийб 99 фоизини қамраб олиши айтилмоқда.
Мазкур божлар аввалги 10 фоизлик тарифларнинг амал қилиш муддати якунланётгани учун эълон қилинмоқда. Аввалги божлар 150 кун давомида яъни 24 февралдан 24 июлгача амал қилиши белгиланган эди. Айнан шу муддат якунига етаётгани сабаб Трамп маъмурияти 24 июль куни 1974-йилги қонуннинг 301-моддаси асосида 80 дан ортиқ давлат учун янги 10 ва 12,5 фоизлик тарифларни эълон қилди. Оқ уй янги механизм аввалгисига нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамроқ эканини таъкидламоқда.
Оқ уй тарифларни 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-моддаси асосида жорий қилаётганини билдирди. Расмий Вашингтоннинг таъкидлашича, айрим давлатлар мажбурий меҳнатга қарши етарли чоралар кўрмаётгани сабабли АҚШ бозори ҳимоя қилиниши лозим.
Бироқ Трампнинг бу сиёсати халқаро майдонда кутилганидек танқид ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Европа Иттифоқи, Австралия, Бразилия ва бошқа давлатлар божларнинг иқтисодий эмас, сиёсий воситага айланганини таъкидламоқда. Айрим экспертлар эса Вашингтон “мажбурий меҳнат” муаммосини рўкач қилиб, ёппасига ҳаммага бож жорий этиши асоссиз эканлигини билдирмоқда.
Аммо “ит ҳурар, карвон ўтар”, деб Трамп тоғамиз ўз билганидан қолмаяпти. Бир нарса аниқки, Трамп учун бож тарифлари энди шунчаки иқтисодий инструмент эмас, балки ташқи сиёсат ва музокаралардаги энг муҳим босим воситаларидан бирига айланиб улгурди.
Ярим йил сарҳисоби
21 июль куни жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамаси юзасидан давлат раҳбари бошчилигида видеоселектор бўлиб ўтди. Йил бошидан бери мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсган. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш кузатилган. Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етган. Ҳа, Ўзбекистон ўтган 6 ойда анча-мунча нарсага эришишга улгурди.
Аммо, ҳали ҳам бир-икки сўм илинжида тадбиркордан ишини битириб беришни чўзиб юрган масъуллар, “жаримакаш” амалдорлар, чет элларда элчи мақомида шунчаки “сайр қилиб юрган”лар, халқ қанча дод-вой қилса ҳам қулоғигача “ёғ босган” баъзи раҳбарлар ҳам йўқ бўлиб қолгани йўқ. Видеоселекторда айнан ўшалар танқид қилинди, ҳатто ишдан олинди.
Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун тўлов ҳамда йиғимлар кескин камайтирилиши белгиланди. Йиғилишда давлат раҳбари одамлар бизнес бошлаб, экспортга чиқиши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлаб, барча вазир ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафтада тизимдаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент Администрациясига киритиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Қайд этилишича, сўнгги икки йилда миллий брендлар учун 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Лекин ўз брендини рўйхатдан ўтказган 309 та маҳаллий корхонанинг учдан бири ҳалигача экспортга чиқмаган. Аммо айрим импорт маҳсулотлари демпинг нархда ёки контрафакт сифатида кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилиб, мутасаддиларга икки ҳафтада маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Бундан ташақари, Бош вазирга экспорт йўналишида ўзгариш қилмаган 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқиш топширилди. Маълум қилинишича, биринчи чорак якунида саноат режасига чиқмаган 13 та туман ҳокими ва экспортни камайтирган 15 та туман ҳокими жазоланган. Кўпчилик ҳокимлар бундан хулоса чиқариб, олти ойлик прогнозларни бажарган. Лекин айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши суръати пасайгани қайд этилган. Давлат раҳбари тўққиз ой якунида ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокими ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чора кўрилишини таъкидлади.
Яна бир муҳим масала, инфляцияни жиловлаш ва бозорлардаги гўшт нархини барқарор сақлаш бўлди. Йиғилишда иқтисодий барқарорлик учун энг муҳим масалалардан бири – инфляция масаласи эканлиги айтилиб, давлат раҳбари бозорда товар ва хизматлар таклифини кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш вазифаси қўйилганини эслатган. Шунингдек, йил бошида вилоятлар олдига январь-июнь якунлари бўйича инфляцияни 3 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилган эди. Бироқ Самарқанд вилоятидан ташқари бирорта ҳудуд бу кўрсаткичга эриша олмади. 2026 йилнинг апрель-июнь ойларида Ўзбекистонда гўшт нархи 6–8 фоизга ошган.
Маълумотларга кўра, гўшт нархининг ошиши истеъмол нархлари индексига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 481,7 миллион долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотларини импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,2 фоиз ёки 142,9 миллион долларга кўп дегани. Рақамлар маҳаллий чорва етарли бўлмаётганини, ички талабнинг импорт ҳисобидан қопланаётганини кўрсатмоқда.
Мамлакатга гўшт олиб киришнинг бундай ўсишига қишлоқ хўжалиги аҳолисини рўйхатга олиш якунларига кўра, чорва маҳсулотларининг кам чиққанлиги сабаб бўлган. Унга кўра, йирик шохли қорамоллар сони аввалги статистикадан 2,1 миллион бошга кам бўлиб, амалда 12,23 миллион бошни ташкил этмоқда. Қўй ва эчкилар сони эса 1,5 миллион бошга камайиб, қўйлар – 20,3 миллион, эчкилар – 2,8 миллион бош этиб қайд этилган.
Нархларни жиловлаш мақсадида ҳукумат жорий йилнинг баҳорида гўшт импортини рағбатлантириш бўйича қатор чораларни жорий этди. Хусусан, мол ва қўй гўштини самолёт орқали олиб келиш харажатларининг бир қисмини давлат қоплаб бериши белгиланган эди. Ушбу механизм муддати энди 2026 йил охиригача узайтирилди. Бу орқали импортёрларнинг логистика харажатларини камайтириш ва маҳсулотнинг ички бозордаги нархини стабил сақлаш кўзда тутилган.
Президент йиғилишида ушбу имтиёз учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди. Мазкур маблағ эвазига импорт қилинаётган гўштнинг авиаташув харажатлари қопланмоқда. Натижада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги тадбиркорлар самолёт орқали 1 минг 300 тонна гўшт олиб киришга муваффақ бўлган. Бироқ бошқа ҳудудларда бу имкониятдан етарлича фойдаланилмагани танқид қилинди.
Шу боис давлат раҳбари вилоят ҳокимлари ва масъул идораларга гўшт балансини қайта кўриб чиқиш, қайси ҳудудга қачон ва қайси давлатдан қанча гўшт импорт қилиниши олдиндан режалаштириш бўйича топшириқ берди.
Ноқобил амалдорлар
Бахтимизгами ёки бахтга қаршими, ўз мансабини суиистеъмол қилган амалдорларнинг жазоланиши фақат видеоселекторлар билан чекланиб қолмаяпти. Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда юқори лавозимларда ишлаган бир неча амалдор билан боғлиқ ишларнинг судга оширилгани бунинг яққол мисоли. Бир томонда миллиардлаб сўмлик зарар ва коррупция айбловлари билан судга юборилган собиқ раҳбарлар, иккинчи томонда эса хизмат одобига риоя қилмагани учун интизомий жазога тортилган ҳоким.
Ҳоким ҳам, вазир ҳам ҳатто президент ҳам халқ хизматчиси. Аммо баъзи ҳокимлар буни билишмаса керак. Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува тумани ҳокими Х.Умаровнинг фермерлар билан учрашув давомида давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколати доирасида Фарғона вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ хизмат текшируви ўтказиш ва ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган. Тақдимнома натижаларига кўра, Қува тумани ҳокими Х.Умаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.
Яна бир шов-шувли ишлардан бири – собиқ Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовга тегишли. Миробод туман жиноят ишлари судида кўриб чиқилиши белгиланган ишда у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги)нинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланмоқда. Мазкур иш бўйича яна 5 нафар шахс жавобгарликка тортилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев январь ойидаги йиғилишда Давактив ва “Ўзбекнефтгаз” тизимида миллиардлаб сўмлик талон-торож ҳолатлари аниқланганини айтиб, барча коррупцион схемалар фош этилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини билдирганди.
Ортиқовнинг иши судга чиқарилиши ортидан яна бир йирик давлат компанияси – “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раҳбарига оид жиноят иши ҳам судга оширилгани маълум бўлди. Қайд этилишича, Ўзбекнефтгаз собиқ раҳбари Сидиқов билан бирга “Enter Engineering Pte. Ltd” компанияси бош директори Улуғбек Алимжонович Усмонов, “Eriell Management” МЧЖ директори Нодиржон Насимжонович Бобоев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Рахмонқулович Анорқулов кабилардан иборат жами 9 киши судланмоқда.
Маълумотларга кўра, Сидиқов ва бошқалар (судланувчилар жами 9 киши) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “a” ва “в” бандлари, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “a” ва “б” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “a” ва “б” бандлари ҳамда 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.
Судланувчиларнинг 5 нафарига қамоқ, 4 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланган.
Қисқа қилиб айтганда кимдир, чет элликлар Ўзбекистонни Покистон билан адаштирмасликлари учун ҳаракат қилаётган бўлса, кимдир қорин ғамида қонунларни айланиб ўтиш пайида.
Live
Барчаси