ЖАР Исроилдан барча дипломатларини чақириб олди
Олам
−
07 Ноябрь 2023
4782Тель-Авив ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларни эътиборсиз қолдиргани ва Ғазо секторида тинч аҳолига ҳужумлар давом этаётгани сабабли Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ҳукумати барча дипломатларини Исроилдан олиб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда кеча, 6 ноябрь куни Преторияда мамлакат Ташқи ишлар вазири Наледи Пандор маълум қилди.
“Биз Фаластин ҳудудларида болалар ва бегуноҳ тинч аҳолининг ўлдирилиши давом этаётганидан ниҳоятда хавотирдамиз ва Исроилнинг реакцияси жамоавий жазо бўлаётганига ишонамиз”, дейди Пандор.
Унинг тушунтиришича, бир давлатга катта зарар етказилган ва катта ташвиш туғдираётган вазиятда дипломатларни чақириб олиш “одатий амалиётдир”. Пандорнинг сўзларига кўра, Жанубий Африка ҳукумати Исроил билан дипломатик муносабатларни сақлаб қолиш имкониятини муҳокама қилади.
Бундан ташқари, Претория Исроилнинг Жанубий Африкадаги элчиси Элиав Белоцерковскийнинг Исроил зулми ва геноцидига қарши чиққанлар ҳақидаги камситувчи баёнотларидан норозилигини билдирган.
“Жанубий Африка дипломатик каналлар орқали Исроил элчисининг мамлакатга айтган сўзлари масаласини кўтаради. У бизнинг мамлакатимизда меҳмон ва ўзини меҳмондек тутиши керак", дейди ЖАР Алоқа ва технологиялар вазири Кумбудзо Нтшавени.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Жанубий Африканинг ўз дипломатларини чақириб олиш қарорини “ҲАМАСнинг ғалабаси” деб атади.
Шунингдек, ТИВ Жанубий Африканинг ҲАМАСни қоралаши ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишини кутишини билдирган. Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Африкадаги элчисини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Чили, Колумбия ва Туркия Исроилдаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олганди. Баҳрайн Исроил билан иқтисодий алоқаларини узиб, элчисини чақириб олган бўлса, Боливия эса Исроил билан барча дипломатик алоқаларини узганди.
LiveБарчаси