Жапаров Жалолобод шаҳри номини Манас деб ўзгартирди

Олам

image

Бугун, 17 сентябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Жалолобод вилоятидаги Жалолобод шаҳрини Манас деб ўзгартириш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шаҳар номини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни мамлакат парламенти жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилган.

“Қонуннинг мақсади – миллий мафкурани мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига буюк Манас – қирғиз халқининг турли босқинлардан ҳимоячиси, халқ қаҳрамонининг номини бериш”, дейилади хабарда.

“Kaktus.media” нашрининг ёзишича, одатда ойлар, ҳатто йиллар давом этадиган шаҳар номини ўзгартириш жараёни бу сафар тез кечган. Таклиф берилишидан тортиб қонун имзолангунига қадар атиги икки ҳафта вақт ўтган. Шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, шаҳар номини ўзгартириш ташаббуси шаҳар кенгаши депутатларидан чиққан ва тезда республика даражасида қўллаб-қувватланган.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Қирғизистон парламенти мажлисида депутат Мирлан Самихўжа “Манас” қирғизлар учун бош эпос, буюк мерос ва руҳ эканини таъкидлаган.

“Шу сабабли унинг номини оладиган шаҳар зиммасига жуда катта масъулият тушади – етти, ўн баравар кўп. Аҳоли бу номга муносиб бўлиши керак. Шунинг учун интернетда бундай нарсалар бўлмаслиги лозим: Манаснинг фоҳишалари, Манаснинг коррупционерлари, Манаснинг зўравонлари. Бундай сўзлар эҳтиёткорлик билан ишлатилиши керак, қонунни бузиб, бундай ёмон ишларни қиладиганлар у ерда умуман бўлмаслиги керак. Шаҳар аҳолиси ибрат кўрсатиши ва Манаснинг обрўсини ошириши лозим”, дейди депутат.

Маълумот учун, Жалолобод шаҳри расман 1877 йил октябрь ойида аҳоли пункти сифатида ташкил этилган. Қишлоқ аҳолиси 1909 йилда 1100 киши атрофида бўлган ва уларнинг асосини ўзбек миллатига мансуб аҳоли ташкил қилган. Шаҳарнинг умумий майдони 64,6 квадрат км бўлиб, ҳозирда 184 мингдан ортиқ одам яшайди. Бугунги кундан ҳам аҳолининг 30 фоизга яқини ўзбеклардан иборат.


Мақола муаллифи

Теглар

Жалолобод Қирғизистон Манас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг