Жапаров Қирғизистондаги ўтган йилги талотўплар сабабини айтди

Олам

image

Қирғизистонда илгари мавжуд бўлган парламент-президент бошқарув шакли тартибсизликларнинг асосий сабабчисига айланди ва ўтган йилнинг октябрь ойида Республикада ҳокимият алмашишига олиб келди. Бу ҳақда Қирғизистон давлати раҳбари Садир Жапаров халққа қилган мурожаатида гапирди.  

“Бу ҳолат 2010 йил Қирғизистон Республикаси Конституциясида давлат бошқарувининг парламент-президентлик шаклига ўтишга ўзгартирилишидан келиб чиққан, десам адашмаган бўламан. 2010 йилги Конституция пропорционал сайлов тизимини жорий қилди ва афсуски, сайловлар ёпиқ рўйхатлар орқали ўтишни бошлади. Бу тизим сиёсий коррупция учун қулай муҳит яратди: виждонсиз сиёсий партиялар раҳбарлари рўйхатдаги ўринларни сотишди, натижада овозларни сотиб олиш жараёни фақат кучайди”, деган Президент. 

Жапаров бу ижтимоий-сиёсий уйғунликни “коррупция сиёсати” деб атаган. Унинг фикрича, шу сабабли, ижро этувчи ҳокимият “мустақил ҳаракат қила олмаган”. 

“Ўтган йилги сайловлар жиддий қонунбузарликлар билан кечди ва бу жараённинг адолатсизлиги сайловчилар норозилигининг ошишига ҳамда натижада овоз бериш натижаларини бекор қилиш талабига олиб келди, аммо бу ўз вақтида ўтказилмади. Ғазабланган аҳолининг катта қисми амалдаги ҳукуматни ағдаришга мажбур бўлди”, деб ҳисоблаган Президент. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди. 

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.  

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Жапаров

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг