Жапаров Қирғизистон байроғини ўзгартиришни қўллаб-қувватлади
Олам
−
26 Октябрь 2023
12695Қирғизистон Президенти Садир Жапаров республика давлат байроғига ўзгартириш киритиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у “Кабар” миллий агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Балки байроғимиз кўринишини қайта кўриб чиқиш вақти келгандир. Давлат байроғи элементларига маълум ўзгартиришлар киритиш амалиёти дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд", дейди у.
Унинг сўзларига кўра, аввалроқ Қирғизистон жамиятида давлат байроғи кунгабоқарга ўхшаб кетади ва бу фонда мамлакат тиззадан кўтарила олмайди, деган фикрлар янграган.
“Ҳаттоки, бизга ташриф буюрган хорижликлар мамлакатимизда кунгабоқар кўп ўсаётганини айтган ҳолатлар ҳам бўлди”, деган давлат раҳбари.
Таъкидлаш жоизки, бир гуруҳ парламент депутатлари республика байроғи дизайнини ўзгартириш ғояси билан чиққан. Улар қуёш нурларини тўлқинли эмас, балки тўғри қилишни таклиф қилган. Бироқ Жогорку Кенешнинг бошқа бир депутати Мирлан Самийкожо давлат байроғини ўзгартириш ташаббусига қарши чиққан. Унинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик бундай ўзгаришларга қарши.
“Ким қуёш нурлари кунгабоқарга ўхшайди деса, ўзи ҳам кунгабоқар. Бошқалар айтганини қиладиганлар ҳам шундай”, деган депутат.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон байроғи мамлакат Олий Кенгашининг 1992 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган. Унга мувофиқ, байроқ ранги қизил бўлиб, марказида тасвирланган қуёш нурлари билан ўралган ўтовнинг туйнуги миллий рамз экани белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг давлат рамзига ўзгартиришлар киритиш ва Қирғизистон Республикаси байроғидаги қуёш нурлари шаклини якунлаш ташаббуси Жогорку Кенеш депутатлари Улан Примов ва Нурланбек Шакиев томонидан илгари сурилган. Бу ғояни Президент маслаҳатчиси Чўлпонбек Абикеев, байроқ муаллифлари Жусуп Матаев ва Бекбосун Жайчибеков, шунингдек, давлат арбоби Медетка Шеримқулов қўллаб-қувватлаган.
LiveБарчаси
26 Ноябрь