Жапаров билан қучоқлашиб турган ҳолатдаги расмини ясаган блогер жазоланди
Олам
−
29 Декабрь 2025 30260 1 дақиқа
Қирғизистон пойтахти Бишкекда суд блогерни мамлакат Президенти Садир Жапаров билан боғлиқ сунъий интеллект томонидан яратилган тасвирни эълон қилгани учун жаримага тортди. Бу ҳақда кеча, 28 декабрь куни адвокат Шердор Абдукапаров маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, суд қарори у шаҳар Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилингач чиқарилган. Акума тахаллуси билан танилган блогер ижтимоий тармоқларда нейрон тармоқ ёрдамида яратилган тасвирларни жойлаган. Уларда у гўёки Президент билан қучоқлашиб тургандек акс этган. Ушбу сурат аниқлангач, маълумот Бишкек шаҳар ИИБга юборилган.

Қиз топилиб, пойтахтнинг Октябрь туман судига олиб борилган. Суд уни айбдор деб топиб, 5 500 сом (755 минг сўм) миқдорида жарима белгилаган. Блогернинг адвокати суд қарорини “инсонпарвар” деб атаган. У бундай сунъий интеллект тасвирлари туҳмат шакли сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлаб, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик назарда тутилганини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чет элда юрган пайтида ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилган шахсга суд ҳукми ўқилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.