Жанубий Кореяда Президент маъмурияти истеъфога чиқди

Олам

image

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль маъмурияти раҳбарияти ҳарбий ҳолатнинг киритилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ вазият фонида бир вақтнинг ўзида истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.

“Бўлим бошлиқлари ва катта котиблар бир вақтнинг ўзида истеъфога чиқди”, дея ёзган агентлик.

Тегишли қарор бугун, 4 декабрь куни Президент маъмурияти раҳбари Чунг Жин Сук раислигида бўлиб ўтган бошқарув гуруҳи йиғилишида қабул қилинган.

Истеъфога чиққанлар орасида Президент маъмурияти раҳбари Чунг Жин Сук, Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Син Вонсик ва Сиёсат бўйича штаб бошлиғи Сон Таэ-Юн, шунингдек, яна етти нафар катта ёрдамчи бор. Жанубий Кореянинг мухолиф “Тобуро” демократик партияси мамлакат Президенти Юн Сок Ёлдан ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун истеъфога чиқишни талаб қилганди. Партия баёнотида ҳарбий ҳолат эълон қилиниши мамлакат Конституциясининг бузилиши сифатида баҳоланганди. Президент эса ҳарбий ҳолат эълон қилиш учун зарур бўлган ҳеч қандай талабларни бажармаган.

Конституцияга кўра, парламент кўпчилик овоз билан унга қарши овоз берганидан кейин президент ҳарбий ҳолатни дарҳол бекор қилиши шарт. Бироқ, президент бир неча соатдан кейин тегишли мурожаат қилди. Юн Сок Ёлнинг айтишича, парламент қароридан сўнг у дарҳол ҳукумат йиғилишини чақиришга буйруқ берган, бироқ кворум йўқлиги сабабли қарор қабул қилинмаган. Бироз вақт ўтгач, йиғилиш эълон қилинди, унда бекор қилиш қарори расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 декабрь куни Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У бу қарорини июнь ойида янги ҳукумат иш бошлаганидан бери парламент томонидан 22 нафар ҳукумат расмийси устидан импичмент жараёнини бошлашга уринишлар билан изоҳлаган.

Шундан сўнг Президент томонидан ҳарбий ҳолатни бошқаришга тайинланган генерал Пак Ан Су парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиш ҳамда мамлакатдаги барча ОАВни назорат қилишни эълон қилди. Бироқ парламент ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан тахминан 150 дақиқа ўтиб уни бекор қилиш учун овоз берди.

Ҳарбийлар Миллий Ассамблея биносини тўсиб қўйди, унинг атрофида тўқнашувлар юз берди. Ҳукмрон партия етакчиси Хан Дон Хун Президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги буйруғини бажаришга уринган ҳарбийларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади.

Тахминан олти соат ўтиб, Юн Сок Ёль Миллий Ассамблея илтимосига биноан ҳарбий ҳолатни бекор қилишини эълон қилди. Шу билан бирга у “қайта-қайта импичмент жараёнлари, қонунчилик ва бюджет фаолиятини тўхтатишни” талаб қилди. Депутатлар эса ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун қайта овоз берди ва ҳарбийлар ўз хизмат жойларига қайтди.

Хан Дон Хун Президент Юн Сок Ёлни вазиятни тушунтиришга ва масъул шахсларни, хусусан, Мудофаа вазирини истеъфога чиқаришга чақирди. Демократик партия аъзоси Пак Чан Де ҳарбий ҳолат эълон қилинишини “муваффақиятсиз давлат тўнтариши” деб атади ва Юн ўз вазифаларидан четлаштирилиб, фуқаро ва ҳарбий исён учун амалдаги жиноятчи сифатида ҳибсга олиниши зарурлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Юн Сок Ёль Президент маъмурияти Чунг Жин Сук Син Вонсик Сон Таэ-Юн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг