Жанубий Кореяда парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўхтатилди (видео)

Олам

image

Аввалроқ, Жанубий Кореяда фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этилгани хабар қилинганди. Бунинг ортидан мамлакатда парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўхтатилиб, қонунчилик органи биносига кириш ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат Ҳарбий ҳолат бошқармаси ўзининг биринчи фармони билан парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатганини эълон қилган.

“Миллий Ассамблея, маҳаллий қонунчилик органлари, сиёсий партиялар фаолияти, шунингдек, сиёсий йиғилишлар, митинглар, намойишлар ва бошқа ҳар қандай сиёсий фаолият тўлиқ тақиқланади. Барча тиббиёт ходимлари, жумладан ординаторлар, 48 соат ичида иш жойига қайтиши керак. Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги фармонни бузган шахслар ордерсиз ҳибсга олиниши мумкин”, дейилади Жанубий Корея Қуролли кучлари қуруқлик армияси генерали Пак Ан Су имзолаган Ҳарбий ҳолат бошқармаси фармонида.

Нашрга кўра, мухолиф Тобуро демократик партияси раҳбари Жанубий Корея Президентининг ҳарбий ҳолат ҳақидаги қарорини конституцияга зид, деб баҳолаган. “Associated Press” нашрининг ёзишича, Президент Юн Сок Ёлнинг рейтинги сўнгги ойларда сезиларли даражада пасайиб, унинг партияси мухолифат билан кескин зиддиятга борган.

Ушбу воқеалар Жанубий Корея криптовалюта бозорига ҳам таъсир этган. Хусусан, ҳозирги вақтда мамлакатдаги барча криптовалюта биржалари ёпилган, савдо эса деярли имконсиз бўлиб қолган. Шу билан бирга, ҳарбий ҳолат қўмондони барча оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатилганини эълон қилган.

Маълумот ўрнида, ҳозиргача Жанубий Кореяда уч марта ҳарбий ҳолат эълон қилинган ва уларнинг охиргиси деярли 44 йил олдин бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея парламент ҳарбий ҳолат сиёсий партия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг