Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат бекор қилинди
Олам
−
04 Декабрь
5558Бугун, 4 декабрга ўтар кечаси Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакатдаги ҳарбий ҳолатга чек қўйди. Бу ҳақда “Associeted Press” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль кеча, 3 декабрь куни кечқурун мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилган. Кўп ўтмай Сеулдаги Миллий Ассамблея биноси олдида намойишчилар йиғила бошлаган, полиция парламентга киришни тўсиб қўйган ва шаҳар кўчаларида ҳарбий техникалар пайдо бўлган.
Бир неча соатдан сўнг 300 депутатдан 190 нафари парламентга киришга муваффақ бўлган ва ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берган. Мухолифат етакчиси Ли Же Мен Президент қарорини “конституцияга зид” деб атади ва уни халққа қарши қадам сифатида қоралади.
Мамлакат Президентига кўра, у ҳарбий ҳолатни амалга оширишга жалб этилган ҳарбийларни чақириб олган.
“Биз Миллий мажлис талабини қабул қилиб, ҳарбий ҳолатни бекор қиламиз. Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишини дарҳол чақирдик, бироқ ҳозир эрта тонг бўлгани сабабли кворум ҳали тўпланмаган. Шунинг учун кворум тўпланиши билан ҳарбий ҳолатни бекор қиламиз”, дейди Юн Сок Ёль.
Шунингдек, у Миллий мажлисдан мамлакат фаолиятини издан чиқараётган қайта-қайта импичмент жараёнлари, қонунчилик ва бюджет фаолиятини дарҳол тўхтатишни сўради.
Кейинроқ ҳукумат мажлиси бўлиб ўтган, унда ҳарбий ҳолатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор расман қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ортидан ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилганди. Мамлакатдаги юзага келаётган ички сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда барча Жанубий Кореяда турли хил митинглар ва намойишларда иштирок этмасликка чақирилганди.
LiveБарчаси