Жанубий Корея вазирликларига DeepSeek’га кириш тақиқланди
Технология
−
05 Февраль
3159Жанубий Кореянинг Савдо, саноат ва энергетика ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари Хитойнинг DeepSeek компаниясига тегишли чат-ботга киришни блоклади. Бу ҳақда бугун, 5 февраль куни “Yonhap” хабар берди.
“Бир нечта ҳукумат манбаларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ўз қарорига асосланиб, ташқи тармоққа уланган компьютерларда DeepSeek’га киришни чеклади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу чеклов ушбу вазирликларнинг катта ҳажмдаги махфий ва нозик маълумотлар билан ишлаши ва уларнинг ошкор бўлиш хавфи билан боғлиқ.
Олдинроқ Жанубий Кореянинг етакчи IT-компаниялари ва давлат корпорациялари ҳам DeepSeek чат-ботидан фойдаланишни чеклай бошлаган. Бу қарор чат-бот фойдаланувчининг қурилмаси, IP-манзили ва клавиатура орқали матн киритиш андозалари ҳақида катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиши ҳамда ушбу маълумотларни Хитойда жойлашган серверларда сақлаши билан боғлиқ хавфсизлик ташвишлари туфайли қабул қилинган.
Маълумот ўрнида, DeepSeek компанияси жорий йил 20 январь куни сунъий интеллект асосидаги ёрдамчининг R1 версиясини чиқарганини эълон қилганди. Компаниянинг расмий сайтида бу версия ChatGPT’дан қолишмайдиган даражада экани қайд этилган. Ушбу янги версия чиқарилганидан сўнг тегишли мобил илова бир қатор мамлакатларда рейтинглар тепасига кўтарилди. Хусусан, Apple’нинг App Store дўконида DeepSeek ёрдамчиси АҚШ, Буюк Британия, БАА, Япония, Жанубий Корея ва Хитойда биринчи ўринни эгаллади. Ушбу хизматнинг муваффақияти 27 январь куни АҚШ технология секторида пасайиш келтириб чиқарди. Ўша куни юқори технологияли компаниялар индекси Nasdaq Composite 3,7 фоизга тушди, Nvidia акциялари эса 17 фоиз қийматини йўқотди.
Январь ойида Wiz Research тадқиқот гуруҳи DeepSeek’га тегишли очиқ серверни аниқлаганини эълон қилди. Унда миллиондан ортиқ ёзувлар бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу серверда чат тарихлари, махфий калитлар ва бошқа махфий маълумотлар борлиги аниқланган. Баъзи экспертлар фойдаланувчиларга DeepSeek’га шахсий маълумотларини киритмасликни тавсия қилган, чунки бу уларнинг ошкор бўлиш хавфини туғдиради. Шунингдек, улар чат-ботдан иш жараёнларида фойдаланишнинг хавфсизлигига эътибор қаратиб, иш ҳужжатлари, пароллар ёки молиявий маълумотларнинг сизиб чиқиши катта йўқотишлар ёки обрўга путур етказиш билан боғлиқ оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Meta компаниясида Хитойнинг DeepSeek стартапига тегишли янги сунъий интеллект технологиясини таҳлил қилиш учун тўртта махсус бўлинма ташкил этилгани хабар қилинганди. Марк Цукерберг томонидан ташкил этилган тўртта штабдан иккитаси High-Flyer томонидан ишлаб чиқилган DeepSeek’нинг ўқув ва ишлатиш харажатларини камайтириш усулларини таҳлил қилади ва ушбу билимларни Llama моделини оптималлаштиришда қўллаш режалаштирилмоқда.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март