Цукерберг DeepSeek’ни ўрганиш учун фавқулодда штаблар ташкил қилди
Технология
−
28 Январь
5528Meta компаниясида Хитойнинг DeepSeek стартапига тегишли янги сунъий интеллект технологиясини таҳлил қилиш учун тўртта махсус бўлинма ташкил этилди. Бу ҳақда “Fortune” нашри хабар берди.
DeepSeek томонидан ишлаб чиқилган R1 чат-боти юқори самарадорликни намойиш этиб, ChatGPT каби рақобатчиларга нисбатан анча арзон харажат билан ишлаши туфайли Meta компаниясининг сунъий интеллект бозоридаги етакчилигига жиддий таҳдид солмоқда. Ушбу стартап High-Flyer Capital Management хедж-фонди томонидан қўллаб-қувватланади.
Meta AI инфратузилмаси директори Мэтью Олдхэмнинг айтишича, DeepSeek модели Meta компаниясининг 2025 йил бошида чиқариладиган Llama моделининг янги версиясидан ҳам устун келиши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд.
Марк Цукерберг томонидан ташкил этилган тўртта штабдан иккитаси High-Flyer томонидан ишлаб чиқилган DeepSeek’нинг ўқув ва ишлатиш харажатларини камайтириш усулларини таҳлил қилмоқда. Ушбу билимларни Llama моделини оптималлаштиришда қўллаш режалаштирилмоқда. Қолган иккита жамоа DeepSeek’ни ўргатиш учун ишлатилган маълумотлар тўпламлари ва Llama архитектурасини Хитой модели хусусиятларига мослаштириш устида ишламоқда.
DeepSeek очиқ дастурий таъминот кодига эга бўлгани сабабли Meta ўзининг сунъий интеллект ишланмалари ва бу соҳадаги инвестициялар стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда ишлаб чиқилган DeepSeek сунъий интеллект тизими ChatGPT’дан самаралироқ ва арзонроқ эканини кўрсатганидан сўнг, Ғарб техногигантлари акциялари кескин пасайишни бошлагани хабар қилинганди. Маълумотларга кўра, АҚШ ва Европанинг техногигантлари бир кун ичида умумий ҳисобда 1 триллион долларга арзонлашган.
LiveБарчаси