Хитой сунъий интеллекти Ғарб техногигантларининг акцияларини “қулатди”

Технология

image

Хитойда ишлаб чиқилган DeepSeek сунъий интеллект тизими ChatGPT’дан самаралироқ ва арзонроқ эканини кўрсатганидан сўнг, Ғарб техногигантлари акциялари кескин пасайишни бошлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълумотларга кўра, кеча, 27 январь савдо куни давомида чип ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси акциялари деярли 17 фоизга пасайган. Бу пасайиш компаниянинг бозор капитализациясини 600 миллиард доллардан кўпроқ камайишига олиб келган. Nvidia компаниясининг рақобатчилари, жумладан Marvell, Broadcom, Micron ва TSMC ҳам сезиларли даражада зарар кўрган.

Шунингдек, Meta, Alphabet ва Google компанияларининг акциялари ҳам сезиларли даражада пасайган. Ушбу пасайиш Oracle, Vertiv, Constellation, NuScale ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари билан боғлиқ бошқа компанияларга ҳам таъсир қилган.

“New York Post” нашрининг ёзишича, АҚШ ва Европанинг техногигантлари бир кун ичида умумий ҳисобда 1 триллион долларга арзонлашган.

Бундан ташқари, ушбу ҳафтада бир қатор технологик компаниялар ўз молиявий ҳисоботларини эълон қилади. Уларнинг DeepSeek муваффақиятига муносабати яқин кунлар ва ҳафталарда бозорда сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. 

“Муваффақиятли DeepSeek инвесторларда Хитойнинг сунъий интеллект билан боғлиқ кам баҳоланган компанияларига бўлган қизиқишни қайта тиклаши ва ўсишнинг альтернатив тарихини таклиф қилиши мумкин”, дейилади хабарда.

DeepSeek компанияси Хитойлик миллиардер, High-Flyer инвестиция фонди раҳбари Лян Венфен томонидан ташкил этилган.

DeepSeek R1 сунъий интеллект иловаси АҚШ, Буюк Британия ва Хитойда Apple App Store’даги энг кўп юклаб олинган бепул иловага айланди. Компания маълумотларига кўра, янги чат-бот арзонроқ чиплар ва кичикроқ маълумотлар базаси асосида ишлайди. Сунъий интеллект ёрдамчиси очиқ кодли DeepSeek-V3 модели асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, у 6 миллион доллардан кам маблағ эвазига ишлаб чиқилган. Бу рақобатчилар томонидан шунга ўхшаш ишланмалар учун сарфланган миллиардлаб долларларга нисбатан сезиларли даражада арзон.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий интеллект ChatGPT DeepSeek

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг