Жанубий Корея “супер қари” жамиятга айланди

Олам

image

Жанубий Кореяда аҳолининг бешдан бир қисмини 65 ва ундан катта ёшдагилар ташкил қилиб, мамлакат “супер қари” жамиятга айланди. Бу ҳақда CNN хабар берди. 

Жанубий Корея Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги томонидан бугун, 24 декабрь куни эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатда 65 ва ундан катта ёшдагилар сони 10,24 миллионга етиб, 51 миллионлик аҳолининг 20 фоизини ташкил қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аҳолининг 7 фоизидан кўпроғи 65 ёшдан ошган мамлакатларни “қариётган жамият”, 14 фоиздан ошганларини “қари жамият” ва 20 фоиздан ошганларини эса “супер қари” жамият деб таснифлайди.

Жанубий Корея бир неча йиллик пасайишдан сўнг 2023 йилда атиги 0,72 ни ташкил этган туғилиш коэффициенти билан дунёдаги энг паст кўрсаткични қайд этган. Иммиграция бўлмаган тақдирда аҳолининг барқарорлигини сақлаб қолиш учун мамлакатларга 2,1 даражадаги туғилиш коэффициенти керак.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда аёлларнинг тахминан 22 фоизи ва эркакларнинг деярли 18 фоизи 65 ёш ва ундан катта ёшда. Бу маълумотлар Жанубий Корея ва бошқа Шарқий Осиё давлатларининг демографик муаммоларини кўрсатиб беради. Ушбу муаммолар уларда саноатлашувнинг тезкор ривожланишидан атиги бир неча ўн йил ўтиб юзага келган.

Европанинг кўплаб давлатлари ҳам қариб бораётган аҳоли муаммосига дуч келмоқда, аммо иммиграция бу таъсирни юмшатишга ёрдам беради. Бироқ Жанубий Корея, Япония ва Хитой каби давлатлар меҳнатга лаёқатли аҳоли қисқаришини бартараф этиш учун кенг кўламли иммиграциядан фойдаланишга қодир эмас ёки буни истамайди.

Шунга қарамай, Жанубий Корея ҳукумати мамлакатнинг демографик тенденциясини ўзгартиришга уриниб келмоқда. Жорий йилнинг май ойида президент Юн Сок Ёль парламентдан ёрдам сўраб, бу “миллий фавқулодда вазият”ни ҳал қилиш учун янги вазирлик ташкил этишни таклиф қилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Осиёда демографик ўзгаришнинг сабаблари орасида иш маданиятининг талабчанлиги, иш ҳақларининг турғунлиги, яшаш харажатларининг ошиши, никоҳ ва гендер тенглиги борасидаги қарашларнинг ўзгариши, ёш авлодлар орасида умидсизликнинг ортиши кабилар бор.

“Бироқ иқтисодий омилларга қарамай, муаммони фақат маблағ билан ҳал қилиш самарасиз бўлиб чиқди. 2022 йилда Жанубий Корея ҳукумати ўтган 16 йил давомида аҳолининг кўпайишини рағбатлантириш учун 200 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланганини тан олди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, “янги” ота-оналар учун пул маблағлари, пулли оталик таътилини узайтириш, эркакларни болалар парвариши ва уй ишларига кўпроқ жалб қилишга чақирувчи ижтимоий кампаниялар каби ташаббуслар ушбу тенденцияни тескари айлантиришда муваффақиятга эриша олмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳри ҳокимияти ёлғизлик билан кураш учун 451,3 миллиард вон (деярли 327 миллион доллар) ажратилишини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея “супер қари” жамият

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг