Сеул ёлғизликка қарши кураш учун 327 млн доллар ажратади

Олам

image

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳри ҳокимияти ёлғизлик билан кураш учун 451,3 миллиард вон (деярли 327 миллион доллар) ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ҳар йили минглаб жанубий кореяликлар – асосан ўрта ёшдаги эркаклар оиласи ва дўстларидан узилиб қолиб, тинч ва ёлғиз ўлиб кетади. Уларнинг жасадларини топиш учун баъзан бир неча кун ёки ҳатто ҳафта керак бўлади.

Бу ҳодиса корейс тилида “годокса” деб номланади ва у мамлакат бўйлаб кенг тарқалган ёлғизлик ва изоляция муаммосининг бир қисми ҳисобланади. Муаммо шу даражада жиддийки, ҳукумат унга қарши курашиш учун барча чоралардан фойдаланмоқда. Хусусан, ғала-ғовурга тўла пойтахт Сеулда шаҳар ҳокимияти ушбу ҳафтада келгуси беш йил ичида 451,3 миллиард вон (деярли 327 миллион доллар) сарфлаб, ҳеч ким ёлғиз бўлмайдиган шаҳар яратишни режалаштираётганини эълон қилди.

Қайд этилишича, янги ташаббуслар қаторига 24/7 фаолият кўрсатадиган ёлғизлик бўйича маслаҳатчилар, шунингдек, шу каби маслаҳатлар учун онлайн платформа ишлаб чиқиш чоралари киради.

“Ёлғизлик ва изоляция фақат шахсий муаммолар эмас, балки жамият биргаликда ҳал қилиши керак бўлган вазифалардир. Ёлғиз одамларнинг “даволанишига” ва жамиятга қайтишига ёрдам бериш учун барча салоҳиятимизни сафарбар қиламиз”, деди Сеул ҳокими О Се Хун.

Шаҳар, шунингдек, психологик хизматларни кенгайтириш ва кўкаламзор жойларни ташкил этишни, ўрта ёшли ва қарияларга мўлжалланган овқатланиш режаларини жорий этишни, ёрдамга муҳтож бўлган изоляциядаги фуқароларни аниқлаш учун махсус “қидирув тизими”ни ва боғдорчилик, спорт, китоб клублари каби ташқи муҳитда одамларни бир-бирига боғлашга ундайдиган фаолиятлар ташкил этишни режалаштирмоқда.

Нашрга кўра, мутахассислар бу чораларга ижобий қараяпти, аммо кўпроқ иш қилиш кераклигини таъкидламоқда. Чунки Кореядаги ёлғизлик баъзи корейс маданиятига хос бўлган ўзига хос жиҳатлар билан боғлиқ ва уларни ўзгартириш қийин.

“Ҳозирда ёлғизлик катта ижтимоий муаммо ҳисобланади, шу сабабли унга қарши курашиш учун қилинган ҳаракат ёки сиёсат албатта зарур. Аммо бу чораларнинг қанчалик самарали амалга оширилишини диққат билан ўйлаб кўриш керак”, деди Мёнгжи университети психология профессори Ан Су-Жон.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Японияда ёлғизлик масалалари бўйича вазир лавозими пайдо бўлган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Сеул ёлғизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг